Волейбол: чемпионат баҳсларини чет эллик мутахассислар кузатиб боради

246

Пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-тур баҳслари бошланди.

Кеча чемпионат олдидан қуръа ташлаш маросими ва техник қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев олиб борган йиғилишда чемпионатда 21 та жамоа иштирок этаётгани, ўйинларни ўтказиш тартиби, ҳакамлик, жамоаларнинг учрашувларга ўз вақтида келиши каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида мусобақаларни кузатиб бориш, иқтидорли волейболчиларни аниқлаш, терма жамоаларга жалб этиш масаласида Ўзбекистон волейбол федерациясида иш олиб бораётган чет эллик мураббийлар Михаил Каваленко ва Моро Браниславга зарур тавсиялар бериб ўтилди.

Чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 21 та волейбол жамоалари иштирок этмоқда.

– 2025 йил мамлакатимизда волейбол билан шуғулланувчи ёшлар учун мусобақа ва турнирларга бой тарзда бошланди. Ўтган икки ой давомида мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармалари, туман бўлимлари, алоҳида бўлинмаларининг кўмагида жойларда турли ёш тоифаларидаги чемпионатлар ўтказилди. Ушбу мусобақалар ишлаб чиқилган тақвим режага асосан давом этмоқда. Катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатининг 1-тур ўйинларига тўхталадиган бўлсам, чемпионатни Ўзбекистон терма жамоасида фаолият олиб бораётган маҳаллий ва хорижий мураббийлар бевосита кузатиб боради. Мақсад маҳоратли ёшларни танлаб олиш, терма жамоага жалб этиш. Ўйлайманки, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларимиз натижасида яқин йилларда юртимиз волейбол жамоалари ҳам халқаро мусобақаларда муносиб натижаларга эришишга киришади, – дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов.

Қуръа натижаларига кўра, бугун куннинг биринчи ярмида 7 та жуфтликдаги жамоалар ўзаро куч синашади.

Чемпионат 28 февралга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА