Европа лигасида плей-офф босқичи учрашувлари якунланди

Кеча тунда футбол бўйича Европа лигаси ва Конференциялар лигаси мусобақаларининг плей-офф босқичидан ўрин олган бир қатор жавоб ўйинлари бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувлар орасида биз учун аҳамиятлиси “Рома“ ва “Порту“ клублари ўртасидаги жавоб учрашуви бўлди. Сабаби, ушбу баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов “Рома” клуби сафида асосий таркибда майдонга тушди ва 78 дақиқа ҳаракат қилди.
78 дақиқа футболчимиз ажойиб ҳаракат қилди ва жамоасининг биринчи голига ассистлик қилди. Шунингдек, иккинчи бўлимда унинг голи инобатга олинмади. Унинг бу ҳаракатлари “SofaScore” нашри томонидан 7,1 баҳога лойиқ кўрилди.
Дарвоқе, бу ўйинда “Рома” 3:2 ҳисобида зафар қучди ва икки ўйин натижасига кўра, умумий 4:3 ҳисобидаги ғалаба билан 1/8 финал босқичига йўл олди.

Учрашувдан сўнг, “Рома” жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери Элдор Шомуродов ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
«У гол урмаганидан хафа бўлдим. Чунки, Элдор Шомуродов майдонда жуда кўп ҳаракат қилади, у меҳнат қилишдан тўхтамайдиган футболчи. Мен уни яхши кўраман. У ҳар доим ҳаммага ёрдам беришга тайёр. У нафақат қаттиқ меҳнат қилади, балки унинг техникаси ва майдонни кўриш қобилияти ҳам юқори».
Европа лигаси плей-офф босқичидан “ФКСБ” (Руминия), “Рома“ (Италия), “АЗ Алкмар” (Нидерландия), “Буде-Глимт“ (Норвегия), “Реал Сосьедад“ (Испания), “Виктория“ (Чехия), “Фенербахче“ (Туркия) ва “Аякс“ (Нидерландия) клублари муваффақиятли ўтди.

Энди бу клублар умумий босқич орқали тўғридан-тўғри 1/8 финалга йўл олган – «Лацио» (Италия), “Атлетик» (Испания), «Манчестер Юнайтед», “Тоттенхэм» (иккаласи — Англия), “Айнтрахт“ (Германия), “Лион“ (Франция), “Олимпиакос“ (Греция) ва “Рейнжерс“ (Шотландия) каби жамоаларга қарши баҳс олиб боради.
Шунингдек, Конференциялар лигаси плей-офф босқичининг жавоб ўйинлари бўлиб ўтди ва 1/8 финалнинг барча иштирокчилари номи маълум бўлди. Жумладан, “Пафос“ (Кипр), “Бетис“ (Испания), “Борац“ (Босния ва Герцеговина), “Копенгаген“ (Дания), “Мольде“ (Норвегия), “Целе,“ (Словения), “Панатинаикос“ (Греция), “Ягеллония“ (Польша) жамоалари плей-офф баҳсларида ғалаба қозонди.

Умумий босқич якунларига кўра, турнир жадвалида дастлабки 8 ўринни эгаллаган “Челси“ (Англия), “Витория Гимараэс“ (Португалия), “Фиорентина“ (Италия), “Рапид“ (Австрия), “Юргорден“(Швеция), “Лугано“ (Швейцария), “Легия“ (Польша) ва “Серкль Брюгге“ (Бельгия) жамоалари 1/8 финалга тўғридан-тўғри йўл олганди.
Энди мазкур икки турнирнинг 1/8 финал босқичи учун қуръа ташланади. Ушбу тадбир бугун, 21 февраль куни бўлиб ўтади. Ҳар иккала мусобақанинг нимчорак финал ўйинлари 6 ва 13 март кунлари ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА