Банк тугатилаётганда кафолатланган омонатлар бўйича компенсацияларни тўлаш муддати қисқартирилади

161

АОКАда ўтказилган брифингда Марказий банк ахборот хизмати раҳбари Акмал Назаров “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган асосий ўзгаришлар юзасидан маълумот берди.

Марказий банк томонидан Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда халқаро стандартлар асосида “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.

Ушбу қонун билан кафолатланган омонат миқдори битта банкда бир омонатчига 200 миллион сўм этиб белгиланди.

Кафолатланган омонат миқдори 200 миллион сўмни ташкил этиши банкка ундан кўпроқ пул қўйиш мумкин эмаслигини англатмайди.

Омонатни бу миқдорда кафолатлаш банк тугатилган тақдирдагина қўлланилади, акс ҳолда банклар омонатлар бўйича ўз мажбуриятларини шартнома асосида бажараверади.

Мазкур қонун талаблари у кучга киргунга қадар аҳолининг банкка қуйилган муддатли ва жамғарма омонатларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди негизида Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилди.

Бундан ташқари, Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида уларни юқори ликвидли активларга инвестиция қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Умуман олганда, пулларни банкда сақлаш, уларни уйда сақлашдан анча хавфсиз ва манфаатлидир. Зеро мамлакатимиз банк тизими барқарор ривожланмоқда, капитал ва ликвидлилик ҳолати халқаро талабларда белгиланганидан кўра юқори кўрсаткични ташкил этмоқда.

Ш.Маматуропова,

ЎзА