Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

20 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи кунида дастлаб “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятни янгилаш йўлида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Мазкур эзгу амаллар диний ва миллий қадриятларимизни янада юксалтириш борасида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Тарихий обидалар, муборак қадамжолар ва зиёратгоҳларнинг ободонлаштирилиши, масжид ва мадрасалар фаолиятининг йўлга қўйилиши, ўзбек халқи ҳамда Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг миллий ва диний маросимлари, шунингдек, анъанавий байрамларининг ўтказилаётгани бунинг яққол далилидир.
Эътиборлиси, кейинги йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун Ҳаж квотаси 3 баробарга оширилиб, Умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Улуғ аждодларимизнинг диний-маърифий салоҳиятини дунёга танитиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиб, ўз фаолиятларини кўрсата бошлади.
Сенаторлар томонидан маъқулланган қонун ва Концепция билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланмоқда.
Шунингдек, ушбу ҳужжат билан белгиланаётган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Концепциянинг қабул қилиниши диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашишига, жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин ялпи мажлисда “Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонунда бозор муносабатларини янада ривожлантириш шароитларида тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришнинг янгича ва муқобил воситаларини ишлаб чиқиш, айниқса, тадбиркорлик субъектларига кафолат тарзида ёрдам кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, банк кредитларига муқобил бўлган пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Хусусан, мазкур қонунга кўра факторинг объекти сифатида юридик шахсга ёки тадбиркорлик субъектига нисбатан келиб чиқадиган пул талабномасини белгилаш, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарликни бекор қилиш ва мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат берилади.
Факторингда қарздорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида молия агенти томонидан тўлов амалга ошириладиган давлат ва валюта тури ўзгартирилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, факторингда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномаларни гаров реестрида рўйхатга олишни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларига кредит ташкилоти олдидаги пул мажбуриятини бажариш бўйича кафолатлар (кафилликлар) бериш фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган бошқа хизматлар кўрсатувчи кафолатлар бериш ташкилоти ҳамда факторинг хизматлари кўрсатишга ихтисослашган факторинг ташкилоти институтлари жорий этилмоқда.
Эндиликда қонунга асосан устав фондининг энг кам миқдори кафолатлар бериш ташкилоти учун 100 миллиард сўм, факторинг ташкилотлари учун эса 2 миллиард сўм этиб белгиланмоқда. Мазкур ташкилотлар Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтказилади, уларнинг фаолияти Марказий банк томонидан тартибга солинади ва назорат қилинади.
Қонунда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига қўйилган айрим чекловларни юмшатиш ва такомиллаштириш назарда тутилиб, уларни акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилиши мумкинлиги, уларнинг устав фондидаги улушнинг 10 фоиздан 20 фоизгача бўлган қисмини бевосита ёки билвосита олганда Марказий банкни хабардор қилиш, 20 ва ундан ортиқ фоизини олганда эса Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши шартлиги белгиланмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, бизнесни қўллаб-қувватлаш хизматлари турларининг ортишига, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги йўналишлари яратилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонунга биноан жисмоний шахслар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқлар, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартлари, шунингдек, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузганлиги учун жавобгарлик белгиланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунда фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабарисиз кредит маблағларини уларнинг номига расмийлаштириш ва мазкур кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган механизмни яратишга оид ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилган.
Шунингдек, қонунда фуқаронинг кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги аризанинг ҳолати ҳақида ахборот олиш ҳамда беришда кредит бюроларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар, уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар ҳам акс эттирилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали фуқаро билан кредит битимини тузишни тақиқлаш имконини беради.
Муҳокамадан сўнг мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши, шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва валютани тартибга солиш либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун тенг рақобат шароитларини яратиш ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, шунингдек, ташқи савдо фаолиятини ва валютани тартибга солишни либераллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра тадбиркорлик субъектлари айни бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилади.
Жумладан, тадбиркорлар ходимлар сонини яширганлик, товарларни мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик ва фискал белгиларни акс эттирмаганлик каби айнан бир ҳуқуқбузарлик учун ҳам молиявий жаримага, ҳам маъмурий жаримага тортилиши мумкин.
Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида солиқ маъмуриятчилигининг янада такомиллаштирилишига қаратилган ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг қонунда белгиланган муддатларда репатриация қилинишини таъминлашга оид талабларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ушбу ҳолатларда қўлланиладиган уч босқичли 50 фоизлик жарима қўллаш тартиби бекор қилинмоқда. Унинг ўрнига қайтмаган активларнинг 20 фоизи миқдорида бир марталик молиявий жаримани қўллаш тартиби жорий этилмоқда.
Ушбу қонунда лойиҳалаштириш, асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, асбоб-ускуналарни ўрнатиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари билан боғлиқ бўлган ишларни бажариш (хизматларни кўрсатиш) юзасидан инвестиция лойиҳалари доирасида тузилган контрактларда белгиланган муддат 180 кундан ортиқ бўлса, мазкур контрактдаги муддатлар қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокама қилинган қонун билан солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораларининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатига мутаносиблигини таъминлаш орқали тадбиркорлик субъектлари айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилишининг олдини олиш белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида солиқ маъмуриятчилиги янада такомиллаштирилиб, нормалар амалиётда икки хил талқин қилинишининг олди олинади ва бир хилда қўлланилиши таъминланади.
Шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилади, бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига ҳамда ортиқча харажатлари камайтирилишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, Сенатнинг ялпи мажлисида “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда ер участкаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни кучайтириш, экологик вазиятни яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш орқали аҳолига қулай экологик шароит яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда ер ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик, шаҳарсозлик регламентлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ер участкаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шунингдек, республикада истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар ҳудудларини ҳамда уларда экилган дарахтлар муҳофаза қилинишини кучайтириш, ушбу ҳудудларда бино ва иншоотлар қурилишининг олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Қонун билан ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилиши, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудларини қисқартириш, уларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланиши қатъий белгиланмоқда.
Ушбу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши, ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда ботаника боғларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, қонун билан Ер кодекси алоҳида боб билан тўлдирилиб, ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш тизимини жорий этиш, уларни белгилаш ва ўзгартириш тартиби татбиқ этилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, ер фондининг барча тоифаларидаги ер участкаларини бозор ва кадастр баҳолаш сифатини яхшилаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлигини ва соҳада назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, маданий ҳордиқ масканлари ва уларнинг ҳудудларини сақлаб қолиш, ботаника боғлари ва уларнинг ерларини бегоналаштириш, ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтиришни тақиқлайди ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қурилиш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши, қурилиш объектларининг майдонларидан чанг ва қум заррачаларининг шамол орқали ҳавога кўтарилиши натижасида атмосфера ҳавоси ёмонлашмоқда.
Статистик маълумотларга қараганда республикамизда 500 квадрат метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига 50 тоннагача чанг ва қум ҳавога кўтарилади.
Аслида, қурилиш ҳудудлари, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар (чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиш) шаҳарсозлик қоидаларига киритилган.
Бироқ миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангининг ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган.
Шу сабабли мавжуд вазият қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини тақозо этмоқда.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилмоқда.
Эндиликда ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш даврида атмосфера ҳавосига тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишининг олдини олади. Атроф-муҳитнинг экологик мусаффолигини сақлаш, фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлайди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати