Ўзбекистон жаҳон матбуоти саҳифаларида

Сўнгги йилларда жаҳондаги кўплаб оммавий ахборот воситалари юртимиз билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар тафсилотига кенг ўрин ажратмоқда. Масалан, шу кунларда тадбиркорларга берилаётган имтиёзли кредитлар, ташаббускор ёшларимизнинг стартап лойиҳалари, Чирчиқ технопаркида рус компанияси билан ҳамкорликда плёнка ишлаб чиқарувчи корхона очилгани, Сеулдаги элчимизнинг “The Korea Post” нашри раҳбарияти билан учрашуви, Баҳрайн молия вазири ва Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўртасидаги мулоқот каби мавзуларга алоҳида қизиқиш билдирилган.
“The London Post”: Ўзбек ёшлари учун янги имкониятлар очилмоқда

– Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, 100 миллион доллар маблағ ажратилди, – деб ёзган Буюк Британиянинг нуфузли “The London Post” нашри. – Ёш тадбиркорларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит, ташаббускор ёшлар стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция йўналтирилади. Шунингдек, “Алоқабанк” томонидан саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги кичик лойиҳалар учун 5 йил муддатга 100 миллион сўмдан 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Ушбу маблағнинг камида 30 фоизи аёлларга йўналтирилади. Хизмат кўрсатиш ва сервис йўналиши тадбиркорлари 30 ёшгача бўлган ходимларни ишга жойлаштирган ва ойига камида 3 миллион сўм тўлаган тақдирда, 1 фоиз ставкада ижтимоий солиқ тўлайди. Ушбу имтиёз 3 йил давомида амал қилади. Ҳудудларда ихтисослашган чет тили ўқитиш маркази очган “C1” даражасига эга ташаббускор ёшларга янги жамғарма ҳисобидан 120 миллион сўмгача фоизсиз кредит ажратилади.
Мақола муаллифи қайд этишича, ёшларнинг қизиқиши ва эҳтиёжини барвақт аниқлаш, уларнинг салоҳиятини монетизация қилиш, сунъий интеллект технологияси ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга жалб этиш асосида мамлакатда “рақамли ижтимоий экотизим” яратилади. Қолаверса, хорижда ўқиб қайтган ўзбек ёшлари тўғридан-тўғри Миллий кадрлар захирасига киритилади ва давлат идораларига танловсиз ишга қабул қилинади. Иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оилавий шароити оғирлиги сабабли хорижда ўқиш имконига эга бўлмаган кадрларни тайёрлашнинг янги тизими – “Ёрқин келажак” лойиҳаси жорий этилади.
Yeni Musavat: Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни имзолади

Бокуда нашр этиладиган етакчи оммавий ахборот воситалардан бири “Yeni Musavat” БАА Абу-Даби шаҳрида ўтказилган “IDEX-2025” халқаро мудофаа кўргазмаси доирасида Озарбайжон мудофаа саноати вазири Вугар Мустафоев ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги директори Мансуржон Ибодуллаев учрашуви ҳақида ёзган.
Мулоқот чоғида томонлар икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболини муҳокама қилиб, бир қатор масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашган.
Маълум қилинишича, суҳбат якунида Озарбайжон Мудофаа саноати вазирлиги ҳузуридаги “Азерсилаҳ” мудофаа-саноат холдинги” ёпиқ аксиядорлик жамияти ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ўртасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган.
ТАСС: Россия компанияси Ўзбекистонда полимер плёнка ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этди

РФ ТАСС ахборот агентлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган технопаркда Россиянинг “Полимер” компанияси полимер плёнка ишлаб чиқарувчи корхона очгани ҳақида мақола чоп этди.
Хабарда айтилишича, лойиҳани амалга ошириш учун биринчи босқичда 5 миллион доллар сармоя киритилиб, 35 иш ўрни яратилган.
Ўзбекистон – Россия технопаркида ташкил этилган корхонани ишга тушириш маросимида мамлакатимиз мутасадди вакиллари ва РФ савдо миссияси аъзолари иштирок этди.
– Инновацион маҳсулот яратиш, дўст мамлакатлар янги бозорларини ўзлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтиришни назарда тутувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз, – деди Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили ўринбосари Игорь Каминин корхона очилиши маросимида. – Технопаркларда қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш мамлакатларимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
“The Korea Post”: Ўзбекистон элчиси “The Korea Post” вице-президенти билан учрашди

Жанубий Кореянинг “The Korea Post” журнали раҳбари Нара Сонг ва мамлакатимизнинг Сеулдаги элчиси Алишер Абдусаломов учрашув ўтказди. Бу ҳақда мазкур нашр хабар бермоқда.
Маданий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинган мулоқот чоғида дипломатимиз “Бир кўрган билиш, икки кўрган таниш” деган ўзбек мақолини ёдга олиб, “Агар уч марта учрашсак, дўст ва биродар бўламиз” дея қўшимча қилди. Бу ибора “The Korea Post” журнали ва элчихонамиз ўртасидаги муносабатга ҳам тааллуқли экани таъкидланиб, бундан буён ҳамкорлик изчил давом этишига умид билдирилди.
Элчи Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида маданий алмашинув тадбирларини кўпроқ ўтказиш ғоясини илгари сурди. Унинг фикрича, бу икки давлат ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлайди.
Суҳбат якунида Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро йиғинларда “The Korea Post” мухбирлари иштирокини таъминлаш, дипломатик ваколатхона томонидан ўтказиладиган маданий форумлар, мамлакатимиз делегацияларининг Жанубий Кореяга ташрифларини мазкур нашр саҳифаларида кенг ёритиш хусусида фикр алмашилди.
Al Watan: Баҳрайн вазири Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири билан учрашди

Баҳрайннинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири “Al Watan” газетаси Саудия Арабистонида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ушбу араб давлати молия вазири Салмон Ал Халифа билан учрашув ўтказгани ҳақидаги материални ўқувчилари эътиборига тақдим этди.
Мулоқот чоғида Баҳрайн Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик ва қўшма мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилган, икки дўст давлат ўртасидаги молиявий-иқтисодий ҳамкорлик асосини мустаҳкамлаш йўллари, умумий манфаатга эга қатор мавзулар, жаҳон иқтисодиётидаги сўнгги ўзгаришлар муҳокама қилинган.
– Ривожланаётган мамлакатлар мулоқоти конференцияси доирасида ташкил этилган суҳбат давомида томонлар иқтисодий ҳамкорлик истиқболи юзасидан фикр алмашиб, тараққиётни рағбатлантириш, инфратузилма лойиҳаларини шакллантириш ҳамда Баҳрайн молиявий компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилди, – деб ёзган нашр.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА