Илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

156

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Қўмита ҳамда Фанлар академияси ва Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандумни имзолашдан мақсад мазкур соҳаларда қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтиришдир. Қолаверса, ҳуқуқий маданиятни ошириш, мамлакат тараққиётига қаратилган стратегияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўмита фаолиятига илмий-тадқиқот ташкилотларини фаол жалб этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Йиғилиш давомида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, қонун лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнида таклифлар алмашиш каби бир қатор йўналишлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, қўмита тегишли вазирлик, Фанлар академияси ҳамда илмий-тадқиқот институти юборган таклифларни мунтазам ўрганиб, таҳлил қилиб, қонун ижодкорлиги соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш каби муҳим масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Н.Раҳмонова, ЎзА