Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида жойлашган “Yashobhoomi Expo Center” мажмуасида Жанубий Осиё мамлакатлари туризм ярмаркаси – SАТТЕ бўлиб ўтмоқда.
2 000 дан зиёд стендни бирлаштирган, бу гал дунё бўйлаб 40 000 дан зиёд иштирокчини жалб қилган мазкур кўргазма саёҳат саноатидаги энг йирик анжуманлардан бири сифатида эътироф этилади.


32 йилдан буён мунтазам ўтказилаётган халқаро тадбирнинг очилиш маросимида, одатдагидек, кўплаб йирик компаниялар раҳбарлари, туризм ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда. Юқори мартабали меҳмонлар SATTE кўргазмасининг имконияти, келгуси режалар хусусида фикр билдирди. Юқори даражада ташкил этилган маросимда илк бор мамлакатимиз делегацияси раҳбари – Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев сўзга чиқиб, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, жумладан саёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик масаласига тўхталди:


– Кўп минг йиллик алоқаларимиз, муштарак тарихимиз, бой умумий маданий меросимиз чамбарчас боғлиқ. Хусусан, туризм соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам шу яқин дўстликни тобора мустаҳкамламоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг бу ажойиб анжумандаги иштироки ҳамкорликни чуқурлаштириш, халқларимизни янада жипслаштириш учун яна бир имконият.
Бу йилги дастурдан Етакчилар саммити, махсус гольф мусобақаси, Экспорт хизматини ривожлантириш кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этиладиган “Атити” лойиҳаси каби қизиқарли тадбирлар ўрин олган. Шунингдек, қатор янги ташаббуслар иштирокчиларни жараёнга янада фаол жалб қилиш мақсадини кўзлайди.


Хорижий мутахассислар фикрича, халқаро ярмарка стендлар тақдимоти билан бирга соҳада инновацияни ривожлантириш, янги тармоқлар яратиш сари қўйилажак дадил қадамлар сифатида намоён бўладиган турли дастурларни ҳам қамраб олган.
– Мақсадимиз фақат бизнесни йўлга қўйиш учун майдон тақдим этиш эмас, балки саноат етакчиларига инновацион ечимларни ўрганиш, ўсиш имкониятидан фойдаланиб, келгусида мунтазам саёҳатлар ташкил этишга хизмат қиладиган самарали алоқалар ўрнатиш, – дейди кўргазма гуруҳи раҳбари Паллави Меҳра.

Дарвоқе, Туризм қўмитаси томонидан республикамизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган миллий стендимизда Ўзбекистоннинг ўнта йирик туроператори ва агентлиги жозибадор сайёҳлик йўналишлари, юртимизнинг маданий жиҳатдан диққатга сазовор жойлари ва янги инфратузилма обектларини намойиш этмоқда.
Миллий павильонимиз хусусида кейинроқ алоҳида маълумот берамиз.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА мухбири
Деҳли, Ҳиндистон