Европарламент: Европа энди АҚШга таянмаслиги керак
Европа Иттифоқи умумий манфатни ҳимоя қилишда бундан буён АҚШга суянмаслиги, аксинча хавфсизликни таъминлаш масъулиятини ўз қўлига олиши лозим. Айни мазмундаги баёнот Европарламент йирик фракциялари томонидан Ар-Риёдда олиб борилган АҚШ – Россия музокарасига муносабат ўлароқ янгради.
– Сўнгги воқеалар, жумладан кеча Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия Федерацияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган дастлабки музокара асносидаги сиёсий ўзгаришлар кўрсатмоқдаки, ЕИ энди аъзо давлатларнинг умумий қадрияти ва манфаатини ҳимоя қилиш учун тўлиқ Америка ҳукуматига таянмаслиги, мудофаа, хавфсизлик масалаларини мамлакатларимиз ўз зиммасига олиши керак, – дейилган баёнотда. – Масалан, ҳарбий харажатни ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарур.