Хитойда ўта ноёб жосус-камера яратилди

Хитойлик олимлар Ернинг паст орбитасидан одам юзи каби тасвирни таний оладиган, дунёдаги энг кучли лазерли камера яратди, деб ёзди “South China Morning Post” нашри.
Хитой Фанлар академияси Аэрокосмик ахборот тадқиқот институти олимлари жамоаси аввалроқ мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Цинхай кўлида мазкур қурилмани синовдан ўтказган эди. Тажриба пайти олимлар камера орқали олинган йирик ҳажмга эга маълумотларни қайта ишлаш учун 103 ваттли лазерни реал вақтда рақамли ишлов бериш билан бирлаштирган.
Технология митти тўлқинли сунъий диафрагма-радар тамойилига асосланган, лекин оптик тўлқин узунлигида ишлайди ва митти тўлқиндан фойдаланадиган тизимга қараганда анча аниқ тасвир яратиш имконини беради.
Камера 100 километрдан ошиқ масофадан миллиметргача ўлчамдаги суратни олиш учун ишлатилган. Нашр таъкидлашича, бу илгари қайд этилмаган мислсиз натижа ҳисобланади.
Қурилма диаметри 1,7 миллиметргача бўлган қисмларни тезда аниқлай олган.
– Тафсилот даражаси илғор жосус-камера ва линза ёрдамида телескоп орқали кўриладиган тасвирдан 100 баробар сифатли, – деб ёзган газета. – Янги ишланма хорижий ҳарбий сунъий йўлдошни тенгсиз аниқликда ўрганиш имконини беради.