Тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгаяди

254

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида “Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришнинг янгича ва муқобил воситаларини ишлаб чиқиш, айниқса, тадбиркорлик субъектларига кафолат тарзида ёрдам кўрсатиш соҳасини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Мазкур қонун шу мақсадга қаратилган бўлиб, унда банк кредитларига муқобил бўлган пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.

Қонунга кўра, факторинг объекти сифатида юридик шахсга ёки тадбиркорлик субъектига нисбатан келиб чиқадиган пул талабномасини белгилаш, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарликни бекор қилиш ва мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат берилади.

Факторингда қарздорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида молия агенти томонидан тўлов амалга ошириладиган давлат ва валюта тури ўзгартирилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, факторингда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномаларни гаров реестрида рўйхатга олишни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларига кредит ташкилоти олдидаги пул мажбуриятини бажариш бўйича кафолат (кафиллик)лар бериш фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган бошқа хизматлар кўрсатувчи кафолатлар бериш ташкилоти ҳамда факторинг хизматлари кўрсатишга ихтисослашган факторинг ташкилоти  институтлари жорий этилмоқда.

Эндиликда қонунга асосан устав фондининг энг кам миқдори кафолатлар бериш ташкилоти учун 100 миллиард сўм, факторинг ташкилотлари учун эса 2 миллиард сўм этиб белгиланмоқда. Мазкур ташкилотлар Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтказилади, уларнинг фаолияти Марказий банк томонидан тартибга солинади ва назорат қилинади.

Қонунда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига қўйилган айрим чекловларни юмшатиш ва такомиллаштириш назарда тутилиб, улар акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилиши мумкинлиги, уларнинг устав фондидаги улушнинг 10 фоиздан 20 фоизгача бўлган қисмини бевосита ёки билвосита олганда Марказий банкни хабардор қилиш, 20 ва ундан ортиқ фоизини олганда эса Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши шартлиги белгиланмоқда.

Сенатор Жамила Бобаназарованинг таъкидлашича,  факторинг хизматининг ўзига хос хусусиятига эътибор қаратилса, факторингда мижоз эмас, балки сотиб олувчининг тўловга қобилияти баҳоланиши, шунингдек, пул талабномасининг бевосита кредит ташкилоти эгалигига ўтиши сабабли факторингдан салбий кредит тарихига эга бўлган ёки гаровга қўйишга мулки бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ҳам фойдаланишлари мумкин бўлади. Бу, ўз навбатида, ҳозирги вақтда банк кредитларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган минглаб тадбиркорлик субъектларини молиявий хизматлар билан қамраб олиш имконини беради.

Сенатор Покиза Аҳмаджонованинг фикрича, молия бозорида фақат факторинг фаолияти билан шуғулланувчи алоҳида молия институтининг мавжуд эмаслиги тадбиркорлар ва инвесторлар томонидан факторинг бозорига қайсидир даражада  инвестиция киритилмаётганига сабаб бўлмоқда. Бу эса, факторингни молиялаштиришнинг муқобил инструменти сифатида оммалашишига ва ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши факторинг операцияларининг оммалашуви ва ривожланишига йўл очади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиши, бизнесни қўллаб-қувватлаш хизматлари турларининг ортиши, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги йўналишлари яратилишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА