Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

259

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш, соҳада ечимини кутаётган масалалар бўйича фикр ва таклифларни эшитиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашди.

Унда сўнгги йилларда Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида қишлоқ хўжалиги соҳаси, жумладан, чорвачиликни ривожлантириш бўйича яратиб берилаётган имкониятлар ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган эътибор таъкидланди. Шунингдек, 2025 йилда гўшт, сут, паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳаларни ишга тушириш орқали соҳани янада ривожлантириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

*** 

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғинидаги “Каттиағар” массиви ҳудудида 56,29 гектар ер майдонида Галофит ўсимликлари ботаника боғи ташкил этилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш, тупроқ экотизимини тиклаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, шўрланиш ва шўрланишга мослашган ўсимликларни тадқиқ этиш, уларнинг турларини кўпайтириш ва тажриба-синовларидан ўтказишдир. Шунингдек, экотуризмни йўлга қўйиш ва ноёб ўсимлик турларига қизиқувчи сайёҳларни жалб қилишдан иборат

*** 

Бош прокуратуранинг Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан Оролбўйи аҳолиси учун видеоконференция алоқа воситаси орқали оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси масъуллари билан ҳамкорликда ташкил этилган қабулда 10 нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахснинг мурожаати тингланди. Улардан 3 таси ижобий ҳал қилинди. Қолган мурожаатлар қўшимча ўрганишни талаб этганлиги сабабли иш юритувига олинди.

*** 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли, Мўйноқ ва Бўзатов тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди.

Жумладан, фуқаролар Р.Д., М.А. ва И.Ж. ўзларининг хонадонларида умумий фойдаланишдаги электр ва газ тармоқларига тўғридан-тўғри уланиб, жами 588,2 миллион сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири