Ислоҳотлар инсон қадри ва манфаати учун

207

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиши натижасида аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжи қондирилиб, юртимизда юз бераётган йирик ўзгариш ва янгиланишлар журналистларимиз томонидан батафсил ёритиб борилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгашининг қўллаб-қувватлаши асосида Чимбой туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб “Тазғара” овул фуқаролар йиғини аҳолисининг бугунги ҳаёти, “маҳалла еттилиги” ва ҳудуд фаоллари учун яратилган шароитлар, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш масканлари ва 52-сонли оилавий поликлиникада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Овул фуқаролар йиғини биносининг замонавий усулда янгидан барпо этилиши, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш масканлари қад ростлаши, 6 км масофадаги ички йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилишидан аҳоли вакиллари мамнун. Ушбу маҳаллада жойлашган 52-оилавий поликлиника 5 минг нафарга яқин қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатмоқда. Поликлиника капитал реконструкциядан сўнг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, электрон навбат тизими жорий этилди. Тез ёрдам хизматининг учта бригадаси ташкил этилиб, бирламчи тиббий-санитария ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, касалликларни комплекс даволаш учун барча шароит яратилди.

Ҳудуд аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланиб келмоқда. Айниқса, томорқачиликни янада ривожлантириш, хонадонларда уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, кўчатчилик каби фаолият турларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

– Жами 43 сотих ерда деҳқончилик қиламиз, – дейди тажрибали томорқачи Аҳмед Сметов. – Асосий мутахассислигим физика фани ўқитувчиси бўлса ҳам, ота касбини давом эттирган ҳолда томорқачилик билан ҳам шуғулланаман. Ўтган йили томорқадан 100 миллион сўмдан зиёд даромад олдик. Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтган йилнинг декабрь ойида Нукус шаҳрида ўтказилган ҳосил байрамида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан мультикултиватор билан тақдирландим. Келгусида балиқчилик билан ҳам шуғулланишни ҳам мақсад қилганмиз.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тумандаги “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Қарорда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишда “маҳалла еттилиги” ҳар бир вакилининг аниқ масъулиятини белгилаш, ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига янгича иш услубларини татбиқ қилиш борасида туманида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбир иштирокчилари “Шахтемир” ва “Қоракўл” маҳалла фуқаролар йиғинларида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаёган ишлар билан танишди. Шунингдек, “Шахтемир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 41-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида, мактабга 3 миллиард 868 миллион сўмлик маблағ ажратилиб, 180 ўқувчига мўлжалланган янги бино қуриб берилди. Шунинг натижасида мактаб ўқувчиларининг сифатли таълим олиши учун барча қулай шароит яратилган.

Тумандаги “Lanextrarkt” масъулияти чекланган жамият қўшма корхонаси қизилмия илдизини чуқур қайта ишлаш билан шуғулланади. Ўтган йилнинг ўзида Хитойга 8,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулот етказиб берилди. Корхонада уч сменада 300 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Келгусида чиқиндилардан брикет ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Тадбир якунида ҳудуддаги муассаса, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирокида туманни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2024 йилда бажарилган ишлар ва 2025 йилга белгиланган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда туманда қурилиш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик, шу жумладан, уй-жой, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда тижорат банклари томонидан барча молиявий манбалар ҳисобидан 8 минг 691 та субъектга 187,7 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. “Ишга марҳамат” мономаркази Чимбой тумани филиали томонидан маҳаллалардаги 639 нафар ишсиз ва камбағал фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилди.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида тумандан ўтувчи магистрал автомобиль йўли бўйлаб экилган дарахт кўчатларини суғориш, парваришлаш ва атрофини ёввойи ўтлардан тозалаш, ички кўчаларга баҳор мавсумида 530 минг ҳамда куз мавсумида 350 минг туп манзарали ҳамда мевали ниҳол, қаламчалар экиш ишлари олиб борилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Бахтли, Дўстлик, Кўкчи қалъа, Темир йўл гузари маҳаллаларида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш, “Сайхунобод” тажрибаси асосида 400 нафар хотин-қизни ўқитиш, шундан, 350 нафарини тадбиркорлик ҳамда 50 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида бўлган 42 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит олишда кўмаклашиш белгиланган.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА