Тўққиз ойга қамалди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги қайд этилган.
Шунга қарамасдан, орамизда ўз оталик бурчини лозим даражада бажармасдан, ҳаттоки уни бажаришдан бўйин товлаб, алимент пулларини вақтида тўламасдан юрган инсонлар ҳам учрайди. Уларнинг жавобгарлик масаласи Бюро органлари томонидан ҳал этилиб келинмоқда. Шу каби ҳолатлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида содир бўлди.
Мажбурий ижро бюроси Қораўзак туман бўлими иш юритувидаги, фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг 2014 йил 5 мартдаги ижро ҳужжатига асосан Б.М.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор У.Қ.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг ¼ қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Алимент тўловлари мунтазам равишда тўлаб келинмаганлиги оқибатида унинг қарзи 60 миллион сўмдан ошиб кетган. Шу сабабли бўлим томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судига юборилди.
Иш материаллари судда кўриб чиқилиб, қарздор У.Қ.га алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келган ҳаракати учун 9 (тўққиз) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири