Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

175

Бугун, 2025 йил 20 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Мажлис жараёнлари Сенатнинг YouTube тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ёритилмоқда.

Ялпи мажлисда сенаторлар фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ахбороти алмашинувини янада такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш тартиби, донорлик ҳаракатига доир ҳамда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларни кўриб чиқади.

Шунингдек, ялпи мажлис кун тартибидан суд, маҳкумларнинг жазо ўташдаги ҳуқуқлари, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ қонунлар ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, тўртинчи ялпи мажлисда бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва уларга қўшилиш масалалари акс этган қонунлар ҳам кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (сурат), 

ЎзА