Вагонларга яширилган тамаки (+видео)

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда олдиндан олинган тезкор маълумот асосида “Қорақалпоғистон” темир йўл бекатига кириб келган “Волгоград-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поезди кўздан кечирилди.
Таркибнинг 5-сонли вагони божхона кўригидан ўтказилганида, унинг таг қисмидаги 300 вольт кучланишли қути орқасига жами 500 қути акциз маркаларига эга бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган “Chapman” номли тамаки маҳсулоти хуфиёна равишда яшириб олиб кирилаётганлиги фош этилди.
Шундай яна бир ғайриқонуний ҳаракат мазкур йўловчи поездининг 13-сонли вагонида ҳам аниқланди.
Россия Федерациясидан кириб келган поезднинг вагон кузатувчиси йўловчи вагоннинг тамбур қисмидаги кўмир солиш учун мўлжалланган сандиқ ичига хуфиёна равишда яширилган жами 280 қути “Chapman” номли тамаки маҳсулотини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб келаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири