Партия электорати вакиллари манфаати доимо эътиборда

140

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Сайёра Имомова Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига ташриф буюриб, партия электорати вакиллари бўлган ногиронлиги бор шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда ва уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан танишди.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Паршагул Даулетиярова билан очиқ мулоқотда ногиронлиги бор шахслар учун яратилган шароитлар, олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида таклифлар билдирилди.

Депутат Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон бўлими қошида ташкил этилган тикув цехида ҳам бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди. Мазкур цехда ишчилар учун махсус кийимлар, ўқувчилар учун мактаб формалари, аҳоли учун кўрпа, ёстиқ ва кўрпачалар тикиш учун барча шароит яратилган бўлиб, буюртма асосида хизмат кўрсатиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сайёра Имомова Нукус шаҳридаги 27-сонли ва 34-сонли умумтаълим мактаблардаги инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар фаолиятини ўрганди. Ушбу мактабларда махсус педагоглар билан бирга ўқувчиларнинг дарс хоналари, махсус инвентарлар, ўқув қуроллари билан таъминланишини ва инклюзив таълим олаётган ўқувчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

Депутат мактаб раҳбарияти ва махсус педагоглар билан очиқ мулоқот чоғида уларни ташвишга солаётган муаммоларини тингладилар ва уларни бартараф этиш борасида таклифлар билдирилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири