Лаборант ишга қайта тикланди

Фуқаро Т.Г. “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти Хўжайли туман филиалида ишлаб юриб, раҳбарият билан юзага келган келишмовчилик сабаб 2024 йилнинг 18 сентябрь куни асоссиз равишда ишдан бўшатилган.
Адолатни тиклаш мақсадида у фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман судига ишига тиклаб беришни сўраб мурожаат қилган. Суд унинг даъвосини тўлиқ қаноатлантириб, ишга тиклаш ҳақида қарор қабул қилган.
Ушбу қарор бўйича 2024 йил 20 декабрь куни чиқарилган ижро варақаси асосида даъвогар Т.Г.ни “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти Хўжайли туман филиали лаборанти лавозимига 2024 йил 18 сентябрдан ишга қайта тиклаш белгиланган.
Ушбу ижро варақаси Мажбурий ижро бюроси Тахтакўпир туман бўлимига жорий йил 7 февралда келиб тушиб, ижро ҳаракатига киришилган. Хусусан, бўлим давлат ижрочиси шу куннинг ўзида жавобгар ташкилот раҳбариятига суд қарори ижроси таъминланиши шартлиги, акс ҳолда уларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантириш берилган.
Шунинг натижасида, даъвогар Г.Утепбергенова “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти директорининг 2025 йил 7 февралдаги буйруғи асосида ўзининг аввалги иш ўрнига қайта ишга тикланди ва суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири