Буюк шоир ва саркардага эҳтиром

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунининг 542 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда буюк шоир ва саркарда Бобурнинг адабий, илмий ва сиёсий фаолияти, унинг инсоният тарихидаги ўрни, шунингдек, ўзбек халқининг маънавий ва маданий меросидаги беқиёс ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.

Талабалар томонидан Бобур ғазаллари ижро этилди. Буюк шоирнинг адабиётга қўшган ҳиссаси, айниқса, ғазалларининг фалсафий чуқурлиги ва поэтик гўзаллиги ҳақида фикрлар билдирилди. Тадбирнинг асосий мақсади ёшларни Бобур мероси билан таништириш, унинг ижодий фаолиятини ўрганишга бўлган қизиқишларини ошириш ва буюк шоирнинг билим ва тажрибасини келажак авлодга етказишдир.
Таъкидланганидек, у илм-фан ва санъатнинг бир нечта жабҳаларида тўплаган билимларини ва тажрибасини ўзи асос солган давлатнинг тараққиётига сарфлади. Бу эса унинг нафақат шоир, балки буюк тарихий шахс ва давлат арбоби сифатидаги кўринишини таъминлади. Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари Бобур ижодининг бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаслигини таъкидлашди. Унинг асарлари нафақат ўзбек адабиётининг, балки бутун жаҳон адабиётининг ажралмас қисми сифатида қадрланади.
Тадбир Бобур меросининг янги авлодлар орасида янада кенгроқ тарғиб қилиниши, унинг асарларини замонавий талқинларда ўрганиш ва унинг илмий ва адабий ютуқларини халқаро миқёсда намойиш этиш йўлида яна бир қадам бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири