Камбағал оилаларга ижтимоий ёрдам турлари қай тартибда кўрсатилади? (+видео)

449

Маълумки, жорий йилнинг 12 февралида “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса – ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади.

Хўш, “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдамлар қай тартибда кўрсатилади?

Оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режада камбағал оилаларнинг ёшлари ва хотин-қизларига муайян ижтимоий ёрдамларнинг белгиланиши ушбу тоифадаги шахслардан қўшимча мурожаат талаб этмаган ҳолда “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари ҳисобидан ижтимоий ёрдамлар кўрсатилишига асос бўлади.

“Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг ижтимоий ҳолатини аниқлаш “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали, оиланинг молиявий ҳолатини эса – идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик равишда баҳолаш (скоринг) натижаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходими Саҳобиддин Давронов мазкур фармоннинг  асосий мақсадлари, унда белгиланган вазифалар ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида  маълумот берди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА