Ўзбекистон ва Баҳрайн молиявий ҳамкорликни кенгайтиради
Саудия Арабистонида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Баҳрайн Қироллиги молия вазири Салман Ал Ҳалифа билан учрашув ўтказди.
Мазкур мулоқот “Ривожланаётган мамлакатлар мулоқоти” конференцияси доирасида бўлиб ўтди. Унда томонлар иқтисодий йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, инфратузилма лойиҳаларини шакллантириш ҳамда Баҳрайн молиявий компаниялари билан ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, молия соҳасида инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда Баҳрайннинг илғор молиявий технологияларни татбиқ этиш тажрибаси ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида икки давлат ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА