Инвестиция соҳа ривожига хизмат қилади

Рақамли технологиялар вазирлигида навбатдаги иқтисодий ўқиш ташкил этилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, вазирлик марказий аппарати, ҳудудий шўъбалар ҳамда тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари иштирок этди.
Ўқиш давомида соҳада инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш механизмлари, Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишнинг янги тартиби бўйича малакали мутахассислар томонидан тақдимотлар қилинди.

Мазкур иқтисодий ўқиш соҳага сармоя киритиш бўйича мавжуд имкониятларни кенгайтириш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Шунингдек, рақамли технологиялар соҳасига инвестициялар ва грантларни кенг жалб қилишнинг долзарб масалалари, амалдаги қонунчилик доирасида яратилган қулайликлар, молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш стратегиялари масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Тақдимот давомида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Соҳага инвестицияларни янада кўпроқ жалб қилиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА