Ўзбекистон – Кувайт: кўп қиррали шериклик мустаҳкамланмоқда

“Ал-Жарида” нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал Ас-Сабоҳнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келганини кенг ёритди. Мақолада олий даражали музокара ўтказилгани, Саммит кун тартибидан дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция-молиявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари ўрин олгани таъкидланган.
Ал-Кувайт шаҳридаги “Ал-Баян” саройида тор доирада учрашув ва расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара бўлиб ўтганига эътибор қаратилган.
Президентимиз Кувайтда муваффақиятли амалга оширилаётган, мақсад ва вазифалари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг узоқ муддатли устувор йўналишларига ҳамоҳанг бўлган “Нигоҳ-2035” давлат дастурини алоҳида қайд этди.
Сиёсий мулоқот, идоралараро алмашинув фаоллашаётгани, товар айирбошлаш ва инвестиция миқдори барқарор ортаётгани мамнуният билан қайд этилган.
“Яшил” энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, туризм соҳалари амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинган.
Музокаралар якунида икки давлат етакчилари томонидан Ўзбекистон – Кувайт кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА