Учта спорт ташкилотига янги раҳбар сайланди

Миллий Олимпия қўмитасида Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти иштирокида учта спорт федерациялари ҳамда ассоциацияларининг кетма-кетликда навбатдан ташқари сайлов конференциялари бўлиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов раис, Отабек Чориев, Андрей Абдувалиев ва Камолиддин Усмонов ўринбосар, Камолиддин Рўзмуҳаммедов эса бош котиб этиб сайланди.

Шунингдек, «Ўзмиллийбанк» АЖ бошқарув раиси Алишер Мирсоатов Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раҳбари этиб сайланди. Ўзбекистон теннис федерациясининг собиқ раиси А.Мирсоатов қишки спорт турлари ассоциацияси бошқарувига ўтгани боис, тадбиркор, узоқ йиллар “Пахтакор” ФК президенти сифатида фаолият юритган мутахассис Ботир Раҳимов номзоди Ўзбекистон теннис федерацияси раислигига илгари сурилди ва бир овоздан маъқулланди.
Мазкур конференцияларда ташкилотларнинг янги устави ҳам тасдиқлаб олинди. Тадбирда иштирок этган расмийлар федерацияларнинг янги раҳбариятини масъулиятли лавозимга сайлангани билан қутлади. Уларга олдинда турган “Милан-Кортина-2026” қишки ва “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик юзасидан вазифаларни белгилаб, бу борада ўз тавсияларини берди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА