Германия: Парламент сайловида мухолифатнинг имконияти юқори

228

23 февраль куни Германияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат билан “Die Welt” газетаси сиёсий гуруҳлар имкониятига ойдинлик киритиш мақсадида ўтказган сўров натижасига кўра, мухолиф Христиан-демократик иттифоқ ва Христиан-ижтимоий иттифоқ (ХДИ/ХИИ блоги) 30 фоиз атрофида овоз олиб ғалаба қозониши тахмин қилинмоқда. Ўта ўнг қанот “Германия учун муқобил йўл” партияси 20 фоиз натижа билан сўровда иккинчи ўринни эгаллаган. Амалдаги Канцлер Олаф Шольц раҳбарлигидаги Социал-демократлар (СДП), “Яшиллар” ва “Сўл партия” эса нисбатан кам қўллаб-қуватланиши айтилмоқда.

Ушбу маълумотлар ишончли чиқса, ХДИ/ХИИ етакчиси Фридрих Мерц ГФРнинг янги канцлери бўлади. Унинг консерватив блоги эса мутлақ кўпчилик ўринни қўлга кирита олмайди ва парламентга кирадиган бошқа сиёсий кучлар билан коалиция тузишига тўғри келади. Яъни, Мерц СДП ёки “Яшиллар” билан келишиши мумкин.

Аввалроқ Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга ваъда берган етакчи даъвогар Киевга “Taurus” қанотли ракетаси юбориш тарафдори.
Маълумки, Украина анчадан буён Германиядан 500 километр масофага учадиган шундай қурилмалар етказиб беришини сўраб келади. Шольц ҳукумати можаро кескин кучайиб кетишидан хавотир олиб, бу ҳаракатдан тийилиб келмоқда.

Фридрих Мерц “Funke” медиа гуруҳи нашрларига интервью бериб, келгусида Россия Президенти Владимир Путин билан музокара олиб боришга тайёрлигини билдирган. Шу билан бирга, суҳбат можаро ҳал қилиниши эҳтимолини яқинлаштирадиган бўлсагина ўтишини таъкидлаган.

Унинг таъкидлашича, ГФР мудофаа харажатини НАТО томонидан тасдиқланган даражага етказиш, яъни ялпи ички маҳсулот қийматининг икки фоизига чиқариш мақсадига эришиш учун ҳараккат қилиш ва кўпроқ қуролга буюртма бериши зарур.

– Мен келажакда мудофаа бюджети миқдори янада юқорироқ ўрнатилиши лозимлигидан келиб чиқаман, – дея қўшимча қилган сиёсатчи.

Ўтган йил кузда Мерц, “Агар сайловда ғалаба қозонсам, Россиядан 24 соат ичида Украинадаги нишонларга зарба бериш тўхтатилишини талаб қиламан, дея бир неча бор такрорлаган.

С.Раҳимов, ЎзА