Россия ва Украина бўйича музокара даврасида европаликлар учун жой борми?

Тугаётган ҳафтада АҚШ Президенти Дональд Трамп ва РФ етакчиси Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашиб, Россия – Украина можаросини ҳал қилиш бўйича музокарани тезроқ бошлаш бўйича қарор қабул қилди.
Суҳбат чоғида икки етакчи Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш, Эрон ядро дастури, иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабат каби муҳим масалаларни ҳам муҳокама қилган, шахсий алоқалар, жумладан ўзаро учрашувларни давом эттиришга ҳам келишиб олган.
Табиийки, Трамп-Путин суҳбатига Ғарб оммавий ахборот воситалари турлича муносабат билдирмоқда. Масалан, “Bloomberg” агентлиги шундай ёзди:
– Бу Байден юрган йўлдан кескин чиқиб кетишдир. Россия 2022 йил Украинага қарши ҳарбий амалиёт бошлагандан бери раҳбарлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилмаган. Америка сиёсати РФга қаршилик кўрсатиш учун Украинани пул ва қурол билан таъминлашга қаратилган. Жараён ҳозир тез ўзгармоқда. Ҳозиргача Вашингтоннинг ёндашувини маъқуллаб келган Европа етакчилари энди бу чақириқдан ҳайратда қолишди. Айримлар бу ҳолатни “Трамп Украинани топшираётганидан далолат”, дейишмоқда.
“The Times” фикрича, Путин билан 90 дақиқалик телефон суҳбати Москвада Россияни яккалаб қўйиш ва Кремль раҳбарини халқаро миқёсда четлатишга уриниш муваффақиятсизликка учрагани далили сифатида кўрилмоқда. Киев бўлажак тинчлик музокарасидан четлатилиб, муҳим дипломатик қарорлар қабул қилинишида иштирок этмаслиги таъминланиши мумкин, қабилидаги хавотир кучаймоқда.
“Indepedent” газетаси ша мавзуда ёзаркан, Байденнинг Киев ҳар қандай қарорда тўлиқ иштирокчи бўлади, деган тамойили бузилганини таъкидлаган.
Германияда чиқадиган BILD газетаси бу борада янаям кескин муносабат билдириб, Путин Украина билан урушда ғалаба қозонди, деб ёзди.
– Путин чапак чалади, – дейди Бундесвернинг Мюнхен университети халқаро сиёсат профессори Карло Масала нашрга берган интервьюсида. – Унинг учун энг яхши эҳтимолий якун яқин. Европа хавфсизлик кучлари Россияни бир неча йил ичида Украинанинг қолган қисмига ҳам ҳужум уюштиришдан тўхтата олмайди. Шу тариқа РФ бу урушда ғалаба қозонди. Путин америкаликлар можародан чиқиб кетишига эришди. Украина ва Европа боши узра олиб борилаётган музокара даврасида кзҳна қитъа вакилларига жой қолмайди. Биз натижани қабул қилишимиз керак ва афсуски, бу Украинага ҳам тегишлидек туюлади.
С.Раҳимов, ЎзА