Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси қачон бўлиши маълум қилинди

253

Олий Мажлис Сенати кенгашида тўртинчи ялпи мажлисни чақиришга оид масала кўриб чиқилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилгани қайд этилди. 

Жумладан, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ахбороти алмашинувини янада такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш тартиби, донорлик ҳаракатига доир ҳамда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларни кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ялпи мажлис кун тартибидан суд, маҳкумларнинг жазо ўташдаги ҳуқуқлари, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ қонунлар ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва уларга қўшилиш масалалари акс этган қонунлар ҳам кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинади.

Мажлисда Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисини 2025 йил 20 февраль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА