Оролга қайтаётган янги ҳаёт нафасиқалбларимизга умид, эртанги кунга мустаҳкам ишонч олиб кирмоқда

368

Шу кунларда аксарият юртдошларимиз, жумладан, қорақалпоғистонликлар диққат-эътибори “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурига қаратилган. Бундай бўлиши табиий ҳам, албатта. Зеро, ушбу ҳужжатдан 2025 йил мобайнида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, экологик барқарорликка эришиш каби устувор мақсад ва йўналишларга доир муҳим вазифалар, кўрсаткичлар ўрин олган.

Давлат дастури билан танишар эканмиз, унда белгиланган вазифалар рўёби юртдошларимиз учун қанчалик фаровонлик олиб келиши, қулайлик яратишини ўйлаб хурсанд бўламиз. Бир масъул раҳбар сифатида вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, демакки, аҳолига янада фаровонлик улашиш борасида чуқур масъулият туяман. Бошқа тарафдан эса бу қувонч, улкан ва шарафли вазифа яқин ўтмишдаги хотираларни ёдга солади, ўтган йилларни сарҳисоб қилишга ундайди.

Ўтган йилларда эришилган муҳим ютуқлар ҳақида фикр юритишдан аввал 2024 йилда қорақалпоғистонликлар ҳаётида муҳим из қолдирган, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожида ўзгаришларга замин яратган тарихий воқеликларга тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда.

Нега айнан воқеа эмас, воқеликлар деяпмиз? Чунки ўтган йилимиз йирик бунёдкорлик ишларига бой ва самарали бўлди. Уларнинг ҳар бири аҳоли фаровонлигини ошириш, қулайлик яратиш, ҳудуд иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

Масалан, Амударё устидан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги қурилиши лойиҳасини олайлик. Биргина мана шу қўшма кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилиши ортидан қанчадан-қанча хоразмлик ва қорақалпоғистонлик юртдошларимизнинг мушкули осон, узоғи яқин бўлди. Бинобарин, янги кўприк ҳисобига йўлнинг ўтказувчанлик имконияти тўрт баробар ошди, кунига 12 мингта автомобиль ўтиши учун шароит яратилди. Асосийси, бу билан 48 минг йўловчининг ўртача икки соатдан вақтини тежаш, дарёдан хавфсиз ўтишини таъминлаш имкони пайдо бўлди.

Ваҳоланки кўприк қурилишидан олдин амударёликлар автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга, пировардида қўшимча 180 километр йўл босишга мажбур эди. Агар мана шу қулайлик эвазига қарийб бир йил мобайнида тежалган вақт ва ёнилғини иқтисодий томондан калькуляторга солсангиз, бу кўприкнинг самарасини тасаввур қилиш қийин эмас. Инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш масаласини эса ҳеч қандай мезон билан ўлчаб бўлмайди. Зеро у ўлчаб бўлмас даражада қадрли ва қимматлидир.

Темир йўл тўғрисида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Чунки у икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга. Бошқача айтганда, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқарди. Ўз навбатида, ушбу қулайлик қатор иқтисодий самараларни ҳам келтириб чиқаради. Масалан, маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробар ошириб, ташиш таннархини 2 баробар камайтириш имконини беради.

Асосийси, 85 километрли темир йўлни бирлаштирган 423 метрли мазкур кўприккача, биринчи навбатда, “Шовот – Гурлан – Жумуртов – Қораўзак” темир йўли қуриб битказилди. Бу линия Хоразм темир йўлини Қорақалпоғистондан ўтувчи магистрал темир йўлга улади. Натижада боши берк линияга айланиб қолган Хоразм темир йўли учун катта имкониятлар пайдо бўлди.

Умуман, бу кўприкнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти шу қадар қимматли, уни бир сўз ёки рақам билан таърифлаш имконсиз. Зеро Президентимиз айтганидек, “Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир…”.

Иккинчи муҳим воқеа Қўнғирот – Бейнеу автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр қисми фойдаланишга топширилгани бўлди. Бу йўл мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралдир. Лекин узоқ йиллик қатновлар, Оролбўйининг кескин континентал иқлими туфайли яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Шу боис, 2021-2024 йилларда 323 миллион долларлик лойиҳа эвазига таъмирталаб йўл замонавий қилиб қайта қурилди.

Нима учун муҳимлигига тўхталадиган бўлсак, қуйидаги фактлар фикримизни тасдиқлайди.

Биринчидан, ушбу бунёдкорлик лойиҳаси эвазига мамлакатимиз ҳудудидан халқаро ташувлар масофасини минг километргача, транспорт харажатини эса 25 фоизгача камайтириш имкони яратилди.

Иккинчидан, бу йўл юртимизни Каспий денгизи ва Қора денгиз портлари орқали Европа бозорлари билан ишончли боғлайдиган логистика тармоғига айланмоқда.

Учинчидан, янги йўл атрофида 200 дан зиёд савдо-сервис объекти ва саноат корхонаси қурилиши ҳисоб-китоб қилинган. Натижада яқин ва ўрта истиқболда етти мингта иш ўрни очилади. Шу тариқа Қорақалпоғистонда транзит ва бошқа хизматлар қиймати йилига 200 миллион долларга ошиши учун мустаҳкам замин яратилади.

Тўртинчидан, ушбу магистрал ўтадиган Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Нукус, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қораўзак ва Қўнғирот туманларида яшовчи 1 миллиондан зиёд одамнинг ҳаёти ўзгаради.

Аслини олганда, 2024 йилда Қорақалпоғистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётида шу каби айтишга арзигулик воқеалар, ютуқлар жуда кўп. Лекин уларнинг барчасига бирма-бир тўхталиб ўтиш имконсиз. Зеро бироз аввал айтиб ўтганимиз – биргина йўл қурилиши сабаб ҳаётида ижобий ўзгариш кутилаётган 1 миллион юртдошимиз тақдирининг ўзи бир миллионта мавзу. Шу боис, мақоламиз аввалида қайд этганимиздек, ўтган йиллар сарҳисоби билан фикримизни давом эттирсак.

Халқимизда “Уйи борнинг ташвиши йўқ”, деган ибратли гап бор. Серфарзанд халқмиз. Юртимиздаги деярли барча оила соҳиби фарзандларини уй-жойли қилиш ташвиши билан яшайди. Шу боис, отахон-онахонларимиздан фарзандлари ҳақида сўралганида, барчасидан кўнгли хотиржамлигига ишора маъносида “уйли-жойли бўлган” иборасини ишлатса керак.

Ҳақиқатан ҳам, фарзандлар камоли учун шахсий уй-жойнинг ўрни жуда муҳим. Ҳатто инсоннинг ҳаётидан рози бўлиб умргузаронлик қилишида асосий омиллардан биридир. Одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омил саналишини олимлар ҳам таъкидлайди.

Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб турли соҳаларда ривожланиш бўлди. Лекин аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қаноатлантириш, шаҳар ва қишлоқларда кўп хонадонли уйлар қуриш масаласи неча йиллар эътибордан четда қолган бўлса, ота-оналарнинг ёш оилаларни уйли қилиш ташвиши шунча вақт ортиб бораверди.

Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан бутун мамлакатимиз, жумладан, Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва қишлоқларида ҳам кўп хонадонли уй-жойлар қуриш ишлари кенг кўламда бажарила бошлади. Албатта, ўша пайтда бу ишлар бошланиши бўлса ҳам инсонларнинг ҳаётдан розилиги ҳамда эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатди.

Ўтган йилларда халқимизнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда янги турар жойлар қуриш кўлами кенгайиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Қорақалпоғистон мисолида оладиган бўлсак, биргина 2024 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ҳудудларда кўп хонадонли 71 та уй фойдаланишга топширилди. Қонликўл, Қораўзак, Кегейли ва Элликқалъа туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 13 та, турар жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 58 та уй қурилиб, 2734 оила шунча хонадонга жойлаштирилди. Мана шу хонадонларнинг ҳар бирига яшаш учун 4 киши кўчиб ўтган бўлса ҳам 10 мингдан ортиқ инсон бошпана ташвишидан халос бўлгани, албатта, бизни қувонтиради.

Бу биргина аҳолини уй-жойли қилиш доирасида бажарилган ишлардан мисол. Сўнгги икки йилда Президентимизнинг Қорақалпоғистонда барча соҳани ривожлантириш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган 14 та фармони ва қарори ҳамда ҳукуматнинг 25 та қарори ва фармойиши қабул қилинди. Улар асосида ажратилаётган маблағлар ҳар қандай иқтисодчининг, қисқа муддатда бунёд этилаётган замонавий иншоотлар эса, ҳар бир юртдошимизнинг ақлини шошираётгани ҳам бор гап. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун 2024 йилда бир неча соҳада қилинган ишлар ва эришилган натижаларга тўхталиб ўтсак.

Қорақалпоғистон бўйича 3-7 ёшдаги қарийб 151 минг бола бор. Шундан 83,2 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Яқин-яқингача бутун мамлакатда, айниқса, Қорақалпоғистонда боғчага қамров ҳолати жуда ёмон эди. Ҳатто ўзаро мулоқотимизда боғча, мактабгача таълим тушунчаси йўқолаёзганди. Мана шундай шароитда ҳам давлат, ҳам давлат-хусусий шериклик асосида кўплаб янги ва замонавий боғчалар очилиб, қамровнинг бу даражага олиб чиқилиши, асосийси, давлат дастурлари асосида бу ишлар тизимли давом эттирилиши чинакам тарихий воқеадир.

2023/2024 ўқув йилидан Қорақалпоғистондаги 34 та мактабда янги баҳолаш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Мактабларда иккита хорижий тилни ўқитиш ҳамда битта касбга ўргатиш ташаббуси бўйича 17 та мактабда 10-синфдан бошлаб иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш тизими тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилди. Кембриж ўқув дастурлари асосида Нукус шаҳридаги 46-мактабда 5-синфдан бошлаб 20 ўқувчидан иборат 2 та синф очилди.

Мактабларда ўқитиш сифатини ошириш юзасидан бажарилаётган шу каби ишлар самараси ўлароқ ўтган ўқув йилида ўтказилган фан олимпиадасининг финал босқичида 48 ўқувчимиз иштирок этиб, 8 та совринли ўрин билан мамлакатимиз миқёсида 3-ўринни эгаллади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан марказлаштирилган ҳолда 150 та замонавий компьютер билан жиҳозланган Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш маркази ташкил этилди. Бу ҳам мактабларда таълим сифатини ошириш, замонавий методикаларни таълим жараёнига қўллаш орқали ўқувчиларга ҳар томонлама пухта билим беришда катта аҳамият касб этади.

Сифатли тиббий хизмат ҳамма даврда ҳар қандай жамият учун муҳим. Айниқса, Орол фожиаси оқибатида юзага келган экологик муаммолар туфайли Қорақалпоғистон учун бу жиҳат жуда долзарб. Шу боис ҳам ҳудудда аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, бу борада замон талабларига мос янги тиббиёт муассасаларини бунёд этиш, мавжудларини малакали кадрлар ва замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун республикада 216 та давлатга тегишли ва 352 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда.

Ҳудудларда яшовчи 40 ёшдан ошган қарийб 557,5 минг киши юрак-қон томир ва қандли диабет касалликларига қарши, 17 мингга яқин ҳомиладор аёлл перинатал скринингдан ўтказилди. Шунингдек, қандли диабет хасталиги билан рўйхатга олинган 52 мингдан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатилди.

Халқимиз, айниқса, ёшлар бахтли ва турмушидан рози бўлиб яшаши учун доимий иш ўрнига эга бўлиши жуда муҳим. Қорақалпоғистонда бу борада ҳам қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2024 йилда 452 та маҳаллада ўтказилган хатлов орқали 447 минг йигит-қизнинг “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, индивидуал муаммоси, қизиқиши ва иқтидори ўрганилди.

Ёшлар бандлиги дастури асосида 5 минг гектар унумдор ер ёшларга ажратилиб, икки мавсумда 10,5 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Субсидия асосида 800 дан зиёд йигит-қизга меҳнат қуроллари тарқатилди. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 12 мингга яқин ёшга 175,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилиб, маҳалланинг ўзида бандлиги таъминланди. “Келажак касблари” лойиҳаси орқали 15 та хусусий ўқув маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қарийб 2000 ёшнинг 1,8 миллиард сўмлик ўқув харажати тўлаб берилди. “Ёшлар дафтари”га 15,5 мингга яқин йигит-қиз киритилиб, “маҳалла еттилиги” тавсияси билан 10 мингдан ортиғига 17,1 миллиард сўмлик кўмак кўрсатилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий ёрдамга муҳтожларга ҳар томонлама кўмаклашишда ҳоким ёрдамчиларининг ўрни муҳим бўлмоқда. Мана шулар кўмагида ижтимоий ходимлар томонидан камбағал оилалар билан ишлаш йўналиши бўйича сўровномалар якунланиб, янги платформага киритилишига эришилди. Камбағаллик реестрига киритилган 10 мингга яқин оила учун индивидуал режа ишлаб чиқилди. Ҳозир улар билан манзилли ишлар бажариляпти.

Ҳудудимизда ногиронлиги бўлган 68 мингга яқин шахс мавжуд. Уларнинг 1300 дан зиёди реабилитация марказида даволанди, 6300 дан ортиқ муҳтож шахсга протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига ваучер шакллантирилди.

Таъкидлаганимиздек, қурилиш ва бунёдкорлик соҳасидаги ишлар кўлами жуда кенг. Ушбу йўналишдаги ишлар аҳолининг бандлигини таъминлаш, турмуш шароити яхшиланишига хизмат қилмоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, ўтган йили инвестиция, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа давлат дастурлари доирасида 8 триллион 553,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, олдинги йилга нисбатан 107,4 фоиз ўсишга эришилди. Инвестиция дастури доирасида 152 та объектда 886 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди ва 118 та объект фойдаланишга топширилди.

Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурига мувофиқ, 130 та маҳаллага ажратилган 88 миллиард сўм ҳисобидан 129 та объектда қурилиш ишлари бажарилиб, 128 та иншоот фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди. Мазкур маблағ ҳисобидан жами 322,6 километр электр тармоғи тортилди, 40 та трансформатор ўрнатилди, 51 километр газ тармоғи реконструкция қилинди. Бундан ташқари, 221 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 3 та сув иншооти қурилди, битта насос қурилмаси ўрнатилди, 3 та соғлиқни сақлаш объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 2024 йил биринчи мавсумида ғолиб деб топилган 145 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Иккинчи мавсумда эса 77 та лойиҳа ғолиб топилиб, уларда 62 фоиз қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, айни кунларда ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш мақсадида барча дастурлар доирасида 1026 километр ички йўл таъмирланди. Шундан 104,7 километр ички йўл асфальтланди, 921,3 километр тупроқ йўлга қум-шағал аралашмаси тўшалди.

Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 километр (240 километр) қисмини цемент-бетон қопламаси билан реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 232 километр цемент-бетон қопламали йўлларга ўтказиш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, ушбу йўлнинг 25 километр қисмини реконструкция қилиш ишлари бошланган бўлса, 92 километрини реконструкция қилишнинг техник иқтисодий кўрсаткичлари ишлаб чиқилмоқда. Тегишли ҳисоб-китоблар якунланиши билан реконструкция ишлари жорий йилда бошланади.

Ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 178 миллиард сўмлик ичимлик сув тармоқлари тортилиши белгиланди. Бу борада қилинган бунёдкорлик ишлари натижасида аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 72,4 фоиздан 74,8 фоизга етказилди. Бугун 60 та объектда қурилиш-монтаж ишлари бажариляпти, 55 та объект фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан 2024-2025 йилларда 1279 километр ичимлик сув тармоқлари ва 27 та сув иншооти қурилиш ишлари босқичма-босқич бажарилмоқда. Мазкур объектлар ва умуман бошқа қурилишлар учун 2024 йилда 5 мингга яқин доимий ҳамда вақтинча янги иш ўрни очилди.

Умуман олганда, кейинги йилларда Қорақалпоғистон ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан тубдан ўзгариб, ривожланиш, тараққий этишнинг янги даврига қадам қўймоқда. Оролга қайтаётган яшиллик ва у сабаб кенг саҳрога қайтаётган янги ҳаёт нафаси барча қорақалпоғистонликлар қалбига умид, эртанги кунга мустаҳкам ишонч олиб кирмоқда.

Президентимизнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган эзгу даъватини чуқур англаган ҳолда халқимиз ташвишини ўйлаб яшаш, муаммоларини бартараф этиш устида бор куч ва билимимизни сафарбар этишни бурчимиз деб биламиз.

Фарҳод ЭРМАНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгаши Раиси