Ўрганишлар давом этмоқда

194

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар давом этмоқда.

Ишчи гуруҳ дастлаб Хўжайли туманида ташкил этилган “Ижтимоий шаҳарча” фаолияти билан танишди. Хусусан, шаҳарчада яшовчи кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож бўлган 220 та ногиронлиги бўлган оила вакиллари билан учрашиб, улар билан бевосита мулоқотлар жараёнида аниқланган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, туманда ташкил этилган идоралараро штаб фаолияти ўрганилиб, унинг аъзоларига ўз соҳалари бўйича маҳаллаларда қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳаққонийлигини ўрганиш ва кунлик назоратни қатъий таъминлаб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, туман ҳокимлиги томонидан ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш мақсадида, “Хавфсиз кўчани ташкил этган энг намунали маҳалла еттилиги”, “Энг намунали хавфсиз мактаб”, “Энг фаол тарғиботчи ташкилот”, “Энг намунали профилактика инспектори”, “Энг намунали фаол нуроний” йўналишлари ғолибларини 15 миллион сўмдан рағбатлантириб бориш тартиби белгиланганлиги янгича ташаббус сифатида эътироф этилди.

Бундан ташқари, “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил қилинди. Унда ёшлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди. Улардан бири тумандаги кам таъминланган оилалар фарзандлари учун инглиз тилидан “IELTS” сертификати олиш мақсадида фонд яратиш, яъни IELTS имтиҳонидан 6,5 балл тўплаган ўқувчининг маблағи қайтарилишини ва у фондга қўйилса, кейинчалик бошқа кам таъминланган оила фарзандининг сертификат олишига замин яратилиши, натижада ёшларнинг билим олишга иштиёқи янада ошишига олиб келади, деб таъкидланди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари мактаб ўқувчилари иштирокидаги Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунига бағишланган китобхонлик тадбирида ҳам иштирок этиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Тадбир якунида ўқувчиларга турли китоблар совға қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири