Ичимлик сув: муаммо ва ечимлар

305

“Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан бўлиб ўтган учрашувда, Оролбўйи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматини кўрсатиш бўйича жамият томонидан 2024 йил давомида олиб борилган ишлар ва 2025 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Бугунги кунда 2 миллион 29 минг нафар аҳолининг 1 миллион 505 минг нафари марказлаштирилган ичимлик суви билан, қолган 524 минг нафари муқобил ичимлик суви манбалари билан таъминланган. Жамият томонидан аҳолига қуввати суткасига 140 минг/м3 бўлган “Туямўйин”,  қуввати суткасига 60 минг/м3 бўлган “Тахиатош”, қуввати 65 минг м3/сутка бўлган “Нукус” сув тозалаш иншоотлари орқали ичимлик суви етказиб берилади. Шундан “Тахиатош” сув тозалаш иншооти қувватини суткасига 120 минг /м3 га етказиш бўйича лойиҳа ишлари, “Нукус” сув тозалаш иншооти қувватини суткасига 90 минг/м3 гача етказиш бўйича қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

– 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида жами 45,2 километр ичимлик суви тармоғи, сув қурилмаларидаги 71 дона насос агрегатида таъмирлаш ишлари олиб борилди, – дейди “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Қаллибек Халмуратов. – Ушбу ишлар натижасида 17 та маҳаллада истиқомат қилувчи 1 минг 152 нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Куз-қиш мавсумида тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш, тармоқларда амалга оширилган авария ҳолатларини қисқа вақтда бартараф этиш мақсадида шаҳар ва туманлар сув таъминоти филиалларида 21 та авария-тиклаш бригадаси ташкил этилиб, 24/7 режимида хизмат кўрсатиб келмоқда.

Aҳолининг ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш бўйича 2024 йилда республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами лойиҳа қиймати 173,1 миллиард сўм маблағ доирасида жами узунлиги 147,2 километр ичимлик суви ва оқова сув тармоғи, 24 та сув иншоотида янги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада 23 та маҳаллада 7 минг 581 минг хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Эътиборли томони, 10,2 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.

2025 йилда Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 – 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ лойиҳа қиймати 39,5 миллиард сўм бўлган 83,9 километр ичимлик суви тармоғи ҳамда 7 дона сув иншоотини реконструкция қилиш ҳамда янгидан қуриш белгиланган. Бугунги кунда 5 та объектда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда, қолган 5 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, пудратчи корхоналарни аниқлаш мақсадида тендер савдоларига чиқарилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Осиё тараққиёт банки” иштирокида қиймати 172,3 миллион доллар бўлган лойиҳани 2021-2025 йиллар мобайнида амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда “Туямўйин” сув тозалаш иншоотининг 2-кўтариб бериш насос станциясида “Оби ҳаёт инжиниринг” масъулияти чекланган жамият томонидан қиймати 3,7 миллион долларлик реконструкция ишлари, “Беруний тумани ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида “MESMER-ALKATAS” қўшма корхонаси томонидан қиймати 24,92 миллион долларлик ишлар бажарилди. “Нукус туманининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўйича “AEIB Azerbaijan RPA” қурилиш корхонаси билан 11,4 миллион долларлик, “Манғит” сув тозалаш иншоотини қуриш бўйича “Оби ҳаёт инжиниринг” ҳамда “Уй-жой қурилиш” масъулияти чекланган жамиятлар билан ҳамкорликда қиймати 13 миллион долларлик, “Қораўзак тумани ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида “AEIB Azerbaijan” қурилиш корхонаси томонидан қиймати 11,1 миллион долларлик ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек,  “Aмударё туманининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўйича “Archico Engineering company” (Озарбайжон) томонидан қиймати 29,03 миллион долларлик, “Мўйноқ туманининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида “Archico  Engineering company” томонидан қиймати 8,21 миллион долларлик ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, “Қўнғирот тумани ичимлик суви таъминотини яхшилаш” бўйича тендер савдолари якунланиб, баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Тахиатош” сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш бўйича қайта тендер савдоларига ариза бериш режалаштирилган. Лойиҳа натижасида ҳудудларда яшовчи 188,1 минг нафар аҳоли қўшимча ичимлик суви билан таъминланиши, 155,8 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 сентябрдаги қарорига мувофиқ, “Жаҳон банки” иштирокида лойиҳа қиймати 78 миллион доллар бўлган “Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманлари марказида оқова сув тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси 2023-2027 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Бугунги кунда “Лойиҳалаш ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш” бўйича Posch & Partners Consulting Engineers (Aвстрия) компанияси томонидан лойиҳа ишлари олиб борилмоқда.

Шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларининг ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида “Замин” халқаро жамоат фонди иштирокида 100 та умумтаълим мактабига сув филтрловчи ускуна ўрнатиш бўйича грант олиб келиш, сув билан таъминланмаган 47 та умумтаълим мактабига узунлиги 4,5 километр ичимлик суви тармоқларини тортиш режалаштирилган. Томорқага энергия тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида “Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки” ҳузурида эскирган насос агрегатларини янгилаш, электр энергияси частотасини бошқарувчи қурилмаларни ўрнатиш бўйича қиймати 7,8 миллион долларлик лойиҳага грант олиб келиш назарда тутилмоқда.

Ҳозирда ҳудуднинг чекка аҳоли пунктларида сув таъминоти оғир бўлган қишлоқларни ичимлик суви билан таъминловчи жамият балансида жами 143 дона сувни чучуклаштирувчи қурилма мавжуд. Улар фаолиятида инсон омилини камайтириш, ҳисоб-китобнинг аниқлигини таъминлаш мақсадида кичик қувватдаги сувни чучуклаштирувчи станцияларда автоматлаштирилган сув сотиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда синов тариқасида автоматик дастурни Aмударё туманида жойлашган қурилмаларга ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА