Электр энергетикаси соҳасида лицензиялаш тартиби такомиллаштирилди

253

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 февралда “Электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби тасдиқланди.

Янги низом рақобатбардош электр энергетикаси бозорини ривожлантириш, тартибга солиш жараёнларини шаффофлаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Унда лицензиялаш бўйича ягона талаблар, ариза топшириш тартиби, тўловларни ҳисоблаш ҳамда лицензиатлар фаолияти устидан назорат механизмлари белгилаб берилган.

Шунингдек, ҳужжат лицензиялаш жараёнларини рақамлаштиришга имкон беради. Барча мурожаатлар ва ҳужжатлар “Лицензия” автоматлаштирилган тизими орқали қабул қилинади.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги хабарига кўра, қарор расман эълон қилинган санадан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА