Хитойдаги iPhone ишлаб чиқарувчи компания ходимларни камайтиряпти

184

Apple компанияси Хитойдан ташқарида маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтираётгани сабабли Жэнжоу шаҳрида жойлашган iPhone ишлаб чиқариш корхонаси, “Айфон шаҳри” номи билан ҳам танилган “Foxconn” заводи ходим ёллашни камайтирмоқда. Бу ҳақда “South China Morning Post” газетаси ёзган.

Шаҳар чеккасида барпо этилган “Юканг” кластери маҳаллий меҳнат муҳожирлари билан гавжум эди. Мажмуа ёнидаги кўчалар доим заводга ишга ёлловчи агентлар билан тўла бўлган.

– 2010 йил ташкил этилгандан буён завод шаҳар ташқи савдосининг 80 фоизини таъминлаган, – деб ёзади нашр маҳаллий аэропорт иқтисодий ҳудуди матбуот хабарномасига таяниб. – Энди эса “Apple” ва “Foxconn” ўз ташқи фаолиятини диверсификация қилиб, Ҳиндистон, Вьетнам ҳамда Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёнинг бир неча мамлакатида ишлаб чиқаришни кўпайтириши ортидан супер фабрика савдо кўламини йўқотаётгандек.

Таъкидланишича, қисман Ғарб билан кучайиб бораётган савдо зиддиятига боғлиқ айни ҳолат турли соҳаларда фаолият юритаётган трансмиллий корпорацияларга таъсир кўрсатмоқда.

Тайваннинг “Foxconn Technology Group” компанияси дунёдаги энг йирик электрон компонент етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Корхона мижозлари орасида технология соҳасидаги етакчи брендлар бисёр. Хитой марказидаги Хэнань музофотида жойлашган “Foxconn” технология парки дунёдаги энг йирик “iPhone заводидир.