Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигидаги вазирлик делегацияси “Oracle” корпорацияси раҳбарияти ижрочи вице-президенти Саймон Де Монфор Уокер ва катта вице-президент Чериан Варгезе билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистондан туриб “Oracle” компаниясининг Марказий Осиё ва МДҲдаги фаолиятини кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, булутли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси мамлакатнинг технология корхоналари учун асосий афзалликларини тақдим этди. Буларга қулай ишбилармонлик муҳити, IТ соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ривожланган рақамли инфратузилма ва малакали кадрларнинг катта захираси киради.

Ўзбекистонда, айниқса, маълумотлар муҳандислиги ва булутли технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, IТ-мутахассисларнинг хорижий тилларни юқори даражада билиши мамлакатнинг халқаро компаниялар учун жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини янада оширмоқда.

“Oracle” вакиллари Ўзбекистонда, айниқса, булутли инфратузилма ва иловалар билан боғлиқ соҳалардаги бозор имкониятларини ўрганишга катта қизиқиш билдирди.

“Oracle” билан потенциал ҳамкорлик Ўзбекистоннинг етакчи IТ-ҳаб сифатидаги мавқейини янада мустаҳкамлайди ва илғор технологияларнинг жорий этилишини рағбатлантиради. Замонавий ечимларни қўллаш рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, юқори малакали иш ўринларини яратиш ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Н.Раҳмонова, ЎзА