2024 YR4 астероиди 2024 йил 27 декабрда Чилидаги «АТЛАС» кузатув лойиҳаси томонидан кашф этилган. Унинг диаметри тахминан 40 метрдан 90 метргача баҳоланган бўлиб, тошли астероид ҳисобланади.

Фанлар академияси астрономия институти хабар беришича, ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, 2024 YR4 астероиди 2032 йил 22 декабрда Ер билан тўқнашиш эҳтимоли 2,4 фоиз деб баҳоланмоқда.

Ўша вақтда астероид Ердан ўртача 156 минг километр масофадан ўтиши мумкин. Бу эҳтимоллик унга хавфлиликнинг Турин шкаласида 3-даражани беради, яъни кам хавфли аммо мунтазам мониторинг қилиб, кузатиб боришни тақозо этади.

Унинг орбитаси ва хавфлилик даражаси ҳали юқори аниқликда эмас. Етарли аниқликка эришиш учун узоқ вақт кузатувлар талаб этилади.

NASA ва Европа космик агентлиги каби ташкилотлар астероиднинг траекториясини диққат билан кузатиб, унинг хусусиятларини  ўрганмоқда.

Европа космик агентлиги яқин келажакда кучлироқ телескоплар ёрдамида кузатиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистонда Майданак обсерваториясида ҳам ушбу астероиднинг кузатувлари олиб борилиши ва орбитаси мониторинг қилиниши режалаштирилмоқда.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА