Қайта тикланувчи энергия манбалари аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда

103

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан объектларда қуёш панелларининг ўрнатилиши ва Божхона қўмитасининг “Яшил энергия” ахборот тизимига маълумотларнинг тўғри киритилиши ҳамда тасдиқланган объектларда электр энергия самарадорлиги бўйича жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бугун мамлакатимизда “Яшил энергиядан” фойдаланиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Замонавий муқобил энергия манбаларини амалиётга  кенг жорий этиш орқали энергия тақчиллигининг олдини олиш мумкинлиги ўз исботини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилда қабул қилинган “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан объектларга қуёш панелларининг ўрнатиш ишларини мувофиқлаштириш божхона органларига бириктирилди.

Нукус шаҳридаги кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган масъулияти чекланган жамият 104 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиб, электр энергиясига бўлган талабининг кўп қисмини айнан муқобил энергия манбалари орқали қаноатлантирмоқда. Қуёш панеллари ўрнатилганидан кейин корхонанинг ҳар ойда электр энергия сарфи учун 10 миллион сўм миқдоридаги харажати тежалмоқда. Тармоққа йўналтирилган электр энергияси бўйича эса қўшимча даромадга ҳам эга бўлмоқда. Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи навбатдаги тадбиркорлик субъекти эса 53 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб, улар орқали электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қопламоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида муқобил энергия манбалари ўрнатилишини мониторинг қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аҳоли хонадонига ўрнатилган қуёш панеллари мониторингини амалга оширди. “Ёш авлод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур хонадон 5 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиб, нафақат ички эҳтиёжини қопламоқда, балки истеъмолдан ортиб қолган электр энергияни тармоққа сотиш орқали, қўшимча даромад ҳам қилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Республикасида шу кунга қадар 4 минг 574 та хонадонга 16,23 мВт қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, шундан ўз истеъмолидан ортган 5 минг 754 МВт электр энергияси Ҳудудий электр тармоқларига узатилиши натижасида 3 минг 876 хонадон  2,2 миллиард сўм миқдорида қўшимча даромадга ҳам эга бўлди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан уч йил муддатга мол-мулк ёки ер солиғи, шунингдек, ортиб қолган энергияни давлатга сотишдан олинган даромад фойда солиғидан озод этилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб жами 7 минг 665 та объектда қуввати 44 минг 126 квт/с га тенг бўлган қуёш панели ўрнатилиши таъминланган. Шундан 1 минг 118 та ижтимоий соҳа ва давлат объекти, 1 минг 864 та тадбиркорлик субъекти биноларига ҳамда 4 минг 652 нафар аҳоли хонадонига, 31та кўп қаватли уйга ўрнатилган.

Муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича хориж тажрибалари асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар электр энергиясига нисбатан тобора ортиб бораётган эҳтиёжнинг қаноатлантирилиб, энергия тақчиллигининг олдини олишга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири