Нукусда “Огоҳ бўлинг – ис гази” акцияси давом этмоқда

192

ФОТОРЕПОРТАЖ

Бугунги кунда ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар хонадонлари, якка тартибдаги уй-жойларни иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари кўп учрамоқда. Оқибатда аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилмоқда.

Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва иситиш тизимларининг созлигини мунтазам текшириб, таъмирлаб бориш ҳамда муқобил ечимлардан тўғри фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тегишли идора ва ташкилотлар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳам ана шундай тадбир – “Огоҳ бўлинг – ис гази” акцияси ўтказилмоқда.

Акция доирасида ЎзЛиДеП партиясининг мутасадди вакиллари, фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ҳомийлар ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ Нукус шаҳридаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли билан яқиндан мулоқот қилди.

Тадбирда аҳоли хонадонларида иситиш тизимларини мунтазам текшириш ва таъмирлаб бориш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, ис газининг хавфлилиги ва ундан сақланиш бўйича мутахассислар томонидан атрофлича маълумот ва тушунчалар берилди.

Шунингдек, акция доирасида партия ташаббуси ва беғараз кўмагида маҳалладаги кам таъминланган ва кўмакка муҳтож бир қанча хонадон ҳамда ижтимоий ташкилот объектларига ис газини аниқлайдиган ускуналар ўрнатиб берилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА