Инвестиция дастури Бош прокуратура назоратида

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича хорижий инвестициялар ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилиши белгиланган лойиҳалар ўрганилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида қиймати 2 миллиард 995,8 миллион долларлик жами 83 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шундан 52 таси ҳудудий дастур, 23 таси тармоқ ҳамда 8 таси халқаро молия институтлари доирасидаги лойиҳани ташкил этади.
Ишчи гуруҳ томонидан Кегейли туманидаги “Кегейли барака наслли парранда” хусусий корхонасининг паррандачиликни ташкил этиш лойиҳаси жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 6,3 миллион доллар бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажми 50 миллиард сўмни ташкил этади.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш давомида лойиҳани амалга ошириш учун 6 километр узунликда электр ва 2,5 километр узунликда газ тармоғи тортишда муаммо мавжудлиги аниқланди. Ушбу муаммони тез фурсатда қонуний ҳал этилиши юзасидан мутасадди идоралар масъулларига топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ўрганишни тўлиқ қамраб олиш мақсадида кичик ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилиб, барча туманларда лойиҳа ташаббускорлари ҳамда масъуллар иштирокида лойиҳаларнинг жорий ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири