Нукусда “Меҳнат ва самара” I Хотин-қизлар форуми ўтказилди

162

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ташаббуси билан ўтказилган форумда Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик ривожига масъул тузилмалар раҳбарлари, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида бизнес лойиҳалари молиялаштирилган аёл тадбиркорлар, ўз бизнесини ташкил этиш истагида бўлган хотин-қизлар, Кичик бизнесга кўмаклашиш ҳудудий маркази вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Рустам Сапарбаев, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ  масъул ходими Дилшод Умаров ва бошқалар сўзга чиқиб, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Қорақалпоғистонда бу йўналишда яратилган имкониятлар ҳақида тўхталди.

Илк бор ўтказилган форум қорақалпоғистонлик аёл тадбиркорлар учун ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Тадбирда улар томонидан бизнесни ривожлантиришга доир янги таклифлар ва янги бизнес ғоялар ўртага ташланди.

Иштирокчиларга “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан бизнес учун таклиф этилаётган янги маҳсулотлар ва хизматлар, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида жорий этилган молиявий инструментлар ҳақида ахборот берилди.

Тадбирда иштирок этган Ямагата университети профессорлари Шинжи Омата ва Хироюки Танабе Япониянинг кичик бизнесни ривожлантириш тажрибалари ҳамда KAIZEN ва LEAN услубларидан фойдаланиб бизнес юритиш борасидаги тажрибалари билан бўлишди.

Форум доирасида банк молиявий кўмагида ўз бизнесини йўлга қўйган хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Унда 30 нафарга яқин ҳунарманд ва тадбиркор аёлларнинг маҳсулотлари намойиш этилди.

Тадбир якунида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Ямагата университети ҳамкорлигида ташкил этилган U-HOPE ўқитиш дастурини муваффақиятли тамомлаган 2-авлод тренерлари сертификатлар билан тақдирланди.

Маълумот учун, “Бизнесни ривожлантириш банки” 2024 йилда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 18 минг 866 нафар хотин-қизга 919 миллиард 800 миллион сўм кредит ажратган. Банкка бириктирилган маҳаллаларда 1 минг 868 нафар аёл тадбиркорга 122 миллиард 900 миллион сўм миқдорида кредит маблағи  йўналтирилди. Натижада 3 минг 862 та янги иш ўрни яратилди.

Банк ахборот хизмати