Ўзбекистонлик спортчилар Жамбулда муваффақият қозонишди

226

Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Кордай туманида ташкил этилган шинкиокушинкай каратэ бўйича анъанавий “Жас Батир” халқаро турнирида мезбонлар ва қўшни давлатлардан жами 300 нафарга яқин атлет бир неча ёш ҳамда вазн тоифасида медаллар учун баҳс олиб борди.

Мусобақада Тошкент шаҳри жамоаси ҳам муваффақиятли қатнашиб, 3 та медаль билан юртимизга қайтишди: Темур Эркинов олтин, Олег Магдюг кумуш, Шоҳсанам Муҳаммадиева бронза. Ҳамюртимиз – NUR-HAS маркази мураббийи, V Дан қора белбоғ соҳиби Мутал Назаров турнир ҳакамлари сафида жангларни бошқариб борди.

Ушбу мусобақадан сўнг делегациямиз раҳбари, Жаҳон каратэ ташкилоти томонидан тайинланган вакил Бран-чиф Мутал Назаров икки кун давомида Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Шинкиокушинкай каратэ бўйича халқаро семинар ўтказди. Тадбир доирасида қўшни давлат ёш спортчилари учун маҳорат дарслари уюштирилди. Ўзбекистонлик мутахассисга мезбон мураббий, I Дан қора белбоғ соҳиби Сергей Шевченко ёрдам берди.

Ушбу халқаро семинар Марказий Осиёда Шинкиокушинкай каратэни янада ривожлантириш мақсадида ташкил қилинди. Тўрт нафар мураббий-йўриқчи элликдан зиёд ёшларга кихон, идо, ката ва кумитэ йўналишлари бўйича сабоқ берди.

Келаси ой семинар иштирокчилари навбатдаги маҳорат даражаси учун имтиҳон топширади.

Анжуман якунида икки давлат спорт жамоалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Қирғизистонлик мураббийлар билан биргаликда “Чемпионлар мусобақаси”ни ўтказишга келишиб олинди.

Яна бир маълумот: Мутал Назаров жорий йил 30 май-6 июнь кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказиладиган фулл-контакт каратэ бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз номидан ягона вакил сифатида иштирок этади. Ушбу мусобақада дунёнинг 106 давлати вакиллари ғолиблик учун даъвогарлик қилишади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА