Музаффар пара велоспортчиларимиз тантанали кутиб олинди

203

Жорий йилнинг 7-9 февраль кунлари Таиландда пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 12 та олтин, 9 та кумуш ва 5 та бронза жами 26 та медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олган эди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ана шундай тарихий натижа қайд этган музаффар пара велоспортчиларимизни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбарияти, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спортчиларнинг оила аъзолари иштирок этди. Тадбирда иштирок этган мутасаддилар пара спортчиларимизни нуфузли мусобақадаги муваффақиятли иштироки билан табриклаб, келгуси фаолиятларига омад тиладилар.

Осиё чемпионатида Азиз Отахўжаев, Маржона Пардабоева, Одина Ҳамдамова, Рухшона Ёқубова, Азиза Қосимова, Бунёд Ҳайитмуҳаммедов, Оғабек Худойберганов ва Фотима Соипова ўз йўналишларида олтин медалга эга чиқди.

Турли йўналишларда баҳсларга киришган Зарифа Мўминова, Фотима Ҳайдарова, Баҳодир Одинаев, Шаҳноза Ҳакимова, Жасур Илҳомов, Маржона Пардабоева, Фотима Ҳайдарова кумуш медални қўлга киритган бўлса, Саиджаббор Дадахонов, Жасур Илҳомов, Бунёд Ҳайитмуҳаммедов ва Тўлқин Равшанов каби пара велоспортчиларимиз бронза медали билан тақдирланди.

– Бу галги Осиё чемпионати делегациямиз учун муваффақиятли ўтди. Айниқса, мен учун. Мусобақанинг Т1 таснифида турли масофаларда ўтказилган баҳсларда иккита олтин медални қўлга киритдим, – дейди Азиз Отахўжаев. – Мазкур муваффақиятлар замирида биз пара спортчиларга давлатимиз томонидан қаратилаётган улкан эътибор ётибди. Ҳар бир мусобақа олдидан пухта тайёргарлик кўрмоқдамиз, шунингдек, ушбу тайёргарлик жараёнларида бизга барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Ушбу эътибор ва шароитлар учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва келгусида бунданда улкан зафарларга эришиш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА