Ўзбекистон ва Европа: иқтисодий тараққиёт йўлида халқаро тажриба ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро маслаҳат кенгаши экспертлари Альфред Гузенбауэр, Александр Квасьневский ва Штефан Фюле билан учрашди.
Учрашув аввалида меҳмонлар Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгуси режаларга юқори баҳо берди.
Шундан сўнг қатор устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Хусусан, солиқ бошқарувини такомиллаштириш, пенсия тизимини ривожлантириш, инсон капиталини ошириш ва демографик дивиденддан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ҳудудларни барқарор равнақ эттиришда Европанинг илғор тажрибаларидан қўллаш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш, “яшил” трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда замонавий ва барқарор иссиқлик таъминоти тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш ва миграция билан боғлиқ иқтисодий салоҳиятни ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА