Ўзбекистон ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилишда бирлашишга чақиради

Ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари сайёрамиз экотизимларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Афсуски, ҳозирги кунда улар иқлим ўзгариши, яшаш жойларининг яроқсиз ҳолга келиши, ноқонуний ов ва савдо каби жиддий таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда.
Ўзбекистон ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни бошлаб, биологик хилма-хилликни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS ) иштирокчилари 14-конференциясига раислиги доирасида CMS котибияти билан биргаликда Берлин шаҳрида янги мамлакатларни Конвенцияга жалб қилишга қаратилган юқори даражадаги тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонасида Конвенция котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда 50 нафардан ортиқ олий даражадаги вакил иштирок этди.
Тадбирда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мамлакатимизнинг миллий ва халқаро миқёсдаги стратегияси тақдим этилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов CMS конвенциясига янги давлатлар қўшилиши муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистон раислиги (2024–2026-йиллар) даврида ташкилотга аъзо бўлишдан манфаатдор давлатларга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Соҳа вакилларининг таъкидлашича, ёввойи ҳайвонлар кўчиб юрувчи турларининг генетик ресурслари қисқармоқда, уларнинг нодир ва ноёб турлари, табиий уйғунлик ва экотизимлар йўқолиб бормоқда. Тадқиқотларга кўра, ер юзидан сўнгги 50 йилда уларнинг 100 дан ортиқ тури, Марказий Осиёда 12 турдаги сут эмизувчилар йўқ бўлиб кетди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш ташаббусини илгари суришдаги етакчи роли қайд этилиб, Самарқандда бўлиб ўтган Конвенция иштирокчиларининг 14-конференциясида қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон глобал экологик кун тартибига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, халқаро ҳамжамиятни табиатни муҳофаза қилиш ва ёввойи ҳайвонлар кўчиб юрувчи турларининг барқарор келажагини таъминлаш бўйича биргаликда чора кўришга чақиради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА