Қорақалпоғистон Республикаси яйловларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш учун янги, уникал рақамли маълумотлар базаси ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти Геоботаника лабораторияси олимлари томонидан давлат дастури доирасида яратилган ушбу уникал рақамли маълумотлар базаси Қорақалпоғистоннинг 93 фоиз яйлов ҳудудини қамраб олади ва 168 та яйлов хилини 21 та мезон асосида баҳолаш имконини беради.

Яйловлар ва уларнинг хусусиятлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар қурғоқчил ерларда чорва молларини соғлом ва самарали боқишни таъминлашга хизмат қилади. Бу база яйловлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни сақлашга қаратилган.

Қорақалпоғистон яйловларининг янги рақамли маълумотлар базаси республика яйлов экотизимларининг иқтисодий, экологик ва зоотехникавий аҳамиятини замонавий баҳолаш, улардан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим қадам бўлади.

Н. Раҳмонова, ЎзА