Президентимизнинг “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига асосан, 2025 йилда тажриба-синов тариқасида ҳар бир туман(шаҳар)даги биттадан умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим гуруҳларини очиш белгиланган.
Инклюзив таълимнинг асосий мақсади – ҳар бир бола ўз хусусиятига қарамасдан, барча имкониятларга эга бўлиб, бирдек ўрганиши, ижтимоийлашиши ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдир.
Шунга мувофиқ айни пайтда Бухоро вилояти ҳудудларидаги жами 13 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур МТТларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун хос шарт-шароитлар яратилган бўлиб, индивидуал тарбия усуллари, қолаверса, психолог ва дефектолог каби мутахассислар билан ишлаш имкониятлари мавжуд.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири