Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида таэквондо WТ бўйича G2 таснифидаги «Fujayra Open – 2025» мусобақасининг катталар ўртасидаги беллашувлари ўз якунига етди. Унда аёллар ўртасидаги баҳслар ўтказилди.

Қувонарлиси, Мадина Шониёзова, Зуҳра Тожиматова, Дилноза Тангирова, Шаббона Абдувалиева, Озода Собиржонова ҳамда Светлана Осипова каби таэквондочиларимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб, 1 та олтин ва 5 та бронза медалига эга чиқди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, беллашувларда Светлана Осипова (+73 кг) олтин, Мадина Шониёзова (46 кг), Зуҳра Тожиматова (46 кг), Лайло Ҳасанова (49 кг), Шаббона Абдувалиева (57 кг) ва Озода Собиржонова (67 кг) бронза медалини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча нуфузли турнирнинг эркаклар ўртасидаги беллашувларида вазни 80 килограммгача бўлган Жасурбек Жайсунов барча рақибларини енгиб, олтин медаль соҳибига айланган бўлса, Нажмиддин Қосимҳожиев кумуш, Ёдгорбек Жўрабоев (74 кг.) эса бронза медалига сазовор бўлган эди.

Шу тариқа, «Fujayra Open – 2025» турнири ўзбек таэквондочилари учун муваффақиятли якунланди. Умумий ҳисобда миллий термамиз мусобақани 2 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза жами 9 медаль билан кучли учликда якунлади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА