Бугун тунда футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финалига ўтиш ўйинлари бошланади.

Ушбу плей-офф баҳсларида бугун “Брест” — “ПСЖ”, “Спортинг” — “Боруссия Д”, “Манчестер Сити” — “Реал Мадрид”, “Ювентус — ПСВ” клублари ўзаро рақобатлашса, 12 февраль куни тунда “Брюгге” — “Аталанта”, “Монако — “Бенфика”, “Селтик” — “Бавария”, “Фейеноорд” — “Милан” жамоалари ўртасидаги илк учрашувлар ўтказилади.

Европа чемпионлар лигаси футбол ихлосмандларининг севимли мусобақаларидан бири ҳисобланади. Ҳамюртларимиз орасида Европа давлатлари клубларига фанатлик қиладиганлар сони ҳам анча кўп. Айниқса, ўзбек ўғлони Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” жамоасига ўтганидан сўнг мамлакатимиз футбол мухлислари ушбу клуб иштирокидаги учрашувларни катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатишмоқда.

Шу сабабдан ҳам айнан бугун тунда ўтказиладиган “Манчестер Сити” ва “Реал” баҳсига оид айрим фактларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

 

Аввало бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташласак. “Манчестер Сити” ва “Реал” шу кунга қадар жами 14 та ўйин ўтказган бўлиб, уларнинг 5 тасида “МС” ғалаба қозонган бўлса, “Реал” 4 та учрашувда зафар қучган. Қолган 5 та ўйин дуранг билан якунланган.

Ушбу икки клуб сўнгги бор ўтган йилнинг апрель ойида Чемпионлар лигасининг 1/4 финал босқичида ўзаро тўқнаш келган. Мазкур баҳснинг дастлабкиси 3:3, иккинчиси эса 1:1 ҳисобида якунланган. Илк бор жамоалар 2012 йилда бир-бирларига қарши майдонга тушган. Ўшанда “Реал” ўз майдонида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

Хосеп Гвардиола бошчилигидаги “МС” сўнгги ойларда муваффақиятсизликлар доирасидан чиқиб кетишга қийналмоқда. Карло Анчелотти шогирдлари Ла Лигада пешқадам бўлиб турган бўлса-да, охирги икки турда очко йўқотди.

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу беллашувга қадар “шаҳарликлар” сафидаги бир қатор футболчилар ўз спорт формасини тиклаб олди. Жумладан, Жон Стоунз ва Рубен Диаш жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлди.

Қувонарлиси, Абдуқодир Ҳусанов “Лейтон” билан учрашувда захирадан майдонга тушиб, ўзини кўрсатди. Ҳатто, битта голга муаллифлик қилди ҳам. Шунингдек, 20 ёшли футболчимиз ўйин давомида 2 бора тўпни олиб қўйган бўлса, 1 марта зарбага блок қўйди. Ўйин давомида 57 бора тўпга тегиниб, 48 та пас беришга муваффақ бўлди. Уларнинг 45 таси жамоадошларига аниқ етиб борди. Узоқ масофага эса бир марта тўпни узатди, у ҳам бўлса шеригига аниқ борди.

Бу натижалар орқали шуни билиш мумкинки, Абдуқодир янги жамоада ўз ўйинини топиб олмоқда ва у “Реал” жамоасига қарши ўйинга тушишга ҳам тайёр. “Манчестер Сити”нинг Натан Аке, Родри, Жереми Доку, Нико Гонсалес (сўроқ остида) каби футболчиларида турли даражадаги жароҳатлар борлиги ҳамюртимизнинг майдонга тушишига умид бағишламоқда.

“Реал”да эса йўқотишлар кўлами тобора кенгайиб кетди ва Лукас Васкеснинг ҳам мазкур беллашувда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, “қироллик клуби”да Давид Алаба, Эдер Милитао, Антонио Рюдигер, Дани Карвахаль каби ҳимоячилар жароҳат сабаб майдонга туша олмайди.

Албатта, катта умидлар билан шуни таъкидлаймизки, Тошкент вақти билан 12 февраль соат 01:00да “Etihad” стадионида ўтадиган “Манчестер Сити” ва “Реал” жамоалари ўйинида Абдуқодир Ҳусанов майдонга тушади ҳамда ўзбек ўғлони нимага қордир эканини дунёга яна бир-бор исботлайди.

Маълумот ўрнида: Европа чемпионлар лигасида “Ливерпуль”, “Барселона”, “Арсенал”, “Интер”, “Атлетико”, “Байер”, “Лилль” ва “Астон Вилла” клублари 1/8 финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олган.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА