Зеленский Путин билан музокара шартини маълум қилди
Президент Владимир Зеленский Украинага АҚШ ва ЕИ томонидан хавфсизлик кафолати берилиши шарти эвазига россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди.
– Агар АҚШ ва Европа бизни ташлаб кетмаслиги, мамлакатимизни қўллаб-қувватлаб, хавфсизликка кафолат беришига ишонганимизда эди, мен музокаранинг ҳар қандай форматига тайёр бўлардим, – деди Зеленский Британиянинг “ITV News” телеканалига берган интервьюсида шу ҳақдаги саволга жавобан.
Суҳбат чоғида Украина етакчиси 2025 йил ушбу зиддиятга барҳам бериш учун барча имконият мавжудлигини таъкидлаган. У АҚШ Президенти ҳам можаро тезроқ тўхташини истайди, дея ишонтириб, Дональд Трампни ЕИ билан бирга Россияга босим ўтказиш, биринчи навбатда санкцияни кучайтиришга чақирган.
Дарҳақиқат, Трамп Россия – Украина урушига барҳам бериш шартлигини доим такрорлаб келади. Шу билан бирга у зиддият бартараф этилгач, Украина учун хавфсизлик кафолатини Европа зиммасига юклаш ниятини ҳам яширмаяпти. Бу маълумотни АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц NBC телеканалидаги чиқишида келтирди.
– Трамп бу можарога барҳам бериш ниятида, шундан кейин хавфсизлик кафолати масаласи тўлиқ европаликларга ишониб топширилади, – деган у. Маслаҳатчи қўшимча қилишича, шу ҳафта давлат котиби, мудофаа вазири, вице-президент ва махсус вакил Европада музокара ўтказади. Йиғилишда келишув тафсилоти муҳокама қилинади. Бундан ташқари, Вашингтон ва Киев табиий ресурслар, жумладан ноёб қазилмалар, металлар, нефть ва газ билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилиши режалаштирилган
С.Раҳимов, ЎзА