Қарзлар ундириб берилди

172

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманлараро иқтисодий судининг қарорларига асосан қарздор “Kausar tegirmon” масъулияти чекланган жамиятдан ундирувчи “No’kis best-seeds” ҳамда “To`rtko`l don maxsuloti” масъулияти чекланган жамиятлар фойдасига жами 1,2 миллиард сўм қарз ундириш белгиланган.

Ундирувчилар ушбу қарорларга асосан Мажбурий ижро бюроси Тахтакўпир туман бўлимига мурожаат қилди ва бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилди. Жумладан, суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида бўлим давлат ходимлари томонидан қарздор “Kausar tegirmon” масъулияти чекланган жамиятнинг асосий банк ҳисоб рақамига электрон инкассо қўйилди. Қарздорга тегишли 3 та кўчмас мулк ва 3 та агротехникага нисбатан тақиқ ўрнатилди.

Мажбурий ижро бюроси Тахтакўпир туман бўлими бошлиғи Жеткербай Жуманиязовнинг таъкидлашича, ушбу саъй-ҳаракатлар  натижасида 1,2 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўлиғи билан ундирилиб, ушбу пул маблағи ундирувчиларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири