2025 йилда қанча мактаб лаборатория ускуналари билан жиҳозланади? — Вазир жавоб берди

Қонунчилик палатасининг мажлисида 2024 йилги Давлат бюджети ижроси муҳокамаси давомида депутатлар бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди.
Жумладан, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Азамат Пардаев партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таълим соҳаси бўйича савол билан юзланди:
— 2024 йилда 304 та мактабга 652 та лаборатория тўпламлари физика, кимё, биология синф хоналарини жиҳозлаш учун тақдим этилган. Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ мактаблар мавжуд. 2025 йилда яна қанча мактабларни физика, кимё, биология фанлари бўйича лаборатория асбоблари билан жиҳозлаш кўзда тутилган?

— 2025 йилда 463 та мактабга 528 та тўпламларни бериш режалаштирилган, — деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. — Ҳозирда бу бўйича ишлар бошланган. Шунингдек, халқаро грантлар бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Осиё тараққиёт банки билан қўшимча лабораториялар жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, онлайн лабораториялар ташкил этиш бўйича ҳам ишлар режалаштирилмоқда. Албатта, назария ва амалиёт биргаликда олиб борилиши таълим сифатида муҳим ўрин тутади, — деди вазир.
М.Комилова,
ЎзА