“BMB HOLDING” Малайзия компаниялари билан ҳамкорлик қилади

Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга ташрифи чоғида “BMB HOLDING” компанияси вакиллари ҳам ушбу давлатнинг нуфузли савдо ва дистрибьюторлик компаниялари раҳбарлари билан икки томонлама фойдали учрашувлар ўтказиб, манфаатли келишувларга эришди.
Компаниянинг ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Сардор Розуқулов жорий йилнинг 6 февраль куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида маҳаллий савдо ва дистрибуция компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Ишчан руҳда ўтган ушбу учрашувларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, дуккакли экинлар ва қуритилган маҳсулотлар ҳамда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштирилган ва қайта ишланиб, қадоқланган “BMBZa’faron” маҳсулотларини Малайзия бозорига экспорт қилиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек,маҳсулотларнинг сертификатлаштирилиши, савдо тармоқларида жойлаштирилиши, логистика масалалари, дистрибьюторлар ва савдо тармоқлари билан тўғридан-тўғри келишувлар устида иш олиб бориш масалалари кўриб чиқилди.


Натижада компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттириш ҳамда уларнинг “BMB HOLDING” фаолияти ва имкониятлари билан танишишлари учун юртимизга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири