Ёшларга ўрнак бўладиган тадбир

221

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги 63-сонли умумтаълим мактабида Туркистон жадидлик ҳаракати асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз борди.

Мамлакатимиз тарихида ғоят мураккаб ва синовли давр бўлган XX аср бошида майдонга чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. У миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш орқали халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш ҳамда ҳурриятга эришиш йўлида ўз ҳаётини бахш этган фидойи зотдир.

Тадбирда, атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган  шеърлар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Саҳнадаги ижодий кўргазмалар давомида ёшлар Беҳбудий ҳаётининг турли жабҳаларини унинг адабий мероси, ижтимоий фаолияти ва мустақил фикрлашга чақирадиган ғояларини акс эттиришди.  Жасоратли бобомизнинг миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмати, ҳаёти ва ижодий фаолияти бугунги ёшларимиз учун ўзига хос мактаб  ҳамда ёрқин ибрат намунасидир.  Шунингдек, илм маърифатни тарғиб қилган Маҳмудхўжа Беҳбудий маънавий мероси келажакда ёшларга ўрнак бўлиб, уларни илмли, маърифатли қилиб тарбиялашда ката аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчи ёшларга республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси томонидан ташаккурнома топширилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири